Вакцина олиш учун шприц келтириш керакми?

4 август куни “Zarnews.uz” телеграм каналида ушбу сарлавҳа остида нурободлик фуқаролар томонидан йўлланган видеомурожаат эълон қилинган эди. Унда кўтарилган муаммо ечими юзасидан вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси ҳамда Нуробод тумани ҳокимлигидан жавоб хати келди.

***

Камчиликлар жойида бартараф этилди

Бошқармамиз мутахассислари ва Нуробод тумани ҳокимлиги мутасаддилари томонидан видеомурожаат бўйича жойида ўрганиш ишлари олиб борилди.

Ҳақиқатан ҳам туман тиббиёт бирлашмасида коронавирус инфекциясига қарши эмлаш жараёни ўтказилаётган пайтда шприц етишмай қолганлиги ва фуқароларга эмланиши учун ўзлари билан шприц олиб келишлиги ҳақида айтилганлиги маълум бўлди.

Ваҳоланки, 2015 йил 27 январда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг “Бошқарилувчи юқумли касалликлар иммунопрофилактикасини ташкил этиш ва ўтказиш ҳақида”ги буйруғида Қорақалпоғистони Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири, вилоятлар ва Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармалари бошлиқларига, вазирлик тасарруфидаги ДПМлар, тиббий илмий амалий марказлар, илмий-текшириш институтлари раҳбарларига эмлаш хоналарида хавфсиз иммунизацияни ташкил қилиш учун бир маротаба ишлатиладиган шприц, хавфсиз қутилар, спирт, пахта, шокка қарши дорилар тўплами билан етарли миқдорда таъминлаш ва ишлатилган шприцларни ўрнатилган тартибда яроқсизлантириш топшириғи берилган. Бу ҳақда вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси томонидан туман тиббиёт бирлашмаларига хат билан мурожаат қилинган. Бироқ Нуробод тумани тиббиёт бирлашмаси масъуллари ўз ишига эътиборсизлиги туфайли юқоридаги каби муаммолар юзага келган.

Ўрганишлар натижасига кўра, туман тиббиёт бирлашмаси омборхона захирасида етарли миқдорда шприц, пахта ва спирт борлиги аниқланди. Эмлаш ишларини кўнгилдагидек ўтказиш учун юқоридаги камчилик ва муаммолар жойида бартараф этилди.

Самарқанд вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси ахборот хизмати.

***

Хизмат вазифаларини қўпол равишда бузган тиббиёт ходимларига нисбатан интизомий жазо чораси қўлланилди

Мазкур ҳолат юзасидан Нуробод тумани ҳокимлиги томонидан ишчи гуруҳ тузилиб, мутасаддилар иштирокида батафсил ўрганиб чиқилди.

Бугунги кунда туманда 18 ёшдан юқори вакцина оладиган фуқаролар сони 91 200 нафарни ташкил этиб, жорий йилнинг 4 август ҳолатига 21 414 нафар (23,5 фоиз) аҳоли эмланди.

Туманда аҳолини эмлаш учун 18 та эмлаш шохобчаси, 3 та эмлаш бригадалари ташкил этилган бўлиб, ўртача кунлик эмлаш 0,8 фоизни ташкил этмоқда.

4 август куни соат 10:00 дан 11:00 лар оралиғида туман марказидаги 1-умумий ўрта таълим мактабида қўшимча равишда ташкил этилган эмлаш пунктида вақтинча эмлаш учун шприц етишмовчилиги юзага келган. Ушбу ҳолат эмланиш учун ташриф буюрган фуқароларга тўғри тушунтирилиб, эмлаш ишларини давом эттириш учун ихтиёрий равишда яқин ҳудудда жойлашган дорихоналардан шприц олиб келиш тавсия этилган.

Ўрганиш жараёнида шприц етишмовчилигига асосий сабаб вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси томонидан берилган вакциналарга нисбатан эмлаш шприцларининг 2000 дона кам берилганлиги маълум бўлди.

Ушбу камчиликлар куннинг иккинчи ярмида тўлиқ бартараф этилиб, туман марказий дорихонасидан пунктга шприцлар келтирилган.

Фуқароларни эмлаш жараёнида ўзининг хизмат вазифаларини қўпол равишда бузиб, санитария-гигиена қоидаларига риоя қилмаган туман тиббиёт бирлашмасининг ходимлари Ж.Б., А.Г., И.Ю. ҳамда туман санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлими ходими Ш.З.ларга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилган.

Нуробод тумани ҳокимлиги ахборот хизмати.