Ҳафта давомида қандай об-ҳаво кутилаётгани маълум қилинди
"Ўзгидромет" хабарига кўра, 23-24 январь кунлари илиқ ҳаво кириб келиши давом этади, республика ҳудудининг катта қисмида қуёшли ва очиқ ҳаво кузатилади.
24 январда республиканинг шимоли-ғарбий ҳудудларига Волга бўйи ҳудудларидан нам ва совуқ ҳаво массалари кириб келиши бошланади. Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Навоий вилоятларининг баъзи жойларида ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлади.
Республика ҳудудининг катта қисмида 23-24 январь кунлари ҳарорат кечаси +2...+5 даража, кундуз +12...+15 даража илиқ бўлади. Шимолий ҳудудларда эса 24 январда кундузги ҳарорат -2...-7 даража совуқ бўлади.
25 январда нам ва совуқ ҳаво массалари Ўзбекистоннинг барча ҳудудларини қамраб олади. Республика бўйича ёғингарчилик (ёмғир, қор) кузатилади. Ҳарорат кундузи +4...+9 даража илиқ, шимолий ҳудудларда кечаси -6...-11 даража совуқни ташкил этади, кундузи -2...-7 даража совуқдан ошмайди.
26 январда республика ҳудудининг катта қисмида ёғингарчилик бўлиш эҳтимоли сақланиб туради, шимоли-ғарбий ҳудудларда эса ёғингарчилик тўхтайди. Ҳарорат кечаси -2 даража совуқдан +3 даража илиқ, кундузи +3...+8 даража илиқ, шимолда кечаси -6...-11 даража, кундузи 0...-5 даража совуқ атрофида бўлади.