Иштихонлик Абдумажид ака 50 килолик тарвуз етиштирди
Кейинги кунларда ижтимоий тармоқларда Иштихонда 50 килолик тарвуз етиштирилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Бундай ҳосилни ким етиштиргани барча учун қизиқ, албатта.
– Туманимизда азалдан қовун-тарвуздан мўл ҳосил олинган, – дейди Иштихон тумани Соҳибкор маҳалласида яшовчи Абдумажид Норбўтаев. – Республикага таниқли донгдор деҳқонлар бўлган Иштихонда. Ҳар йили катта қовун сайиллари ўтказиларди. Лекин кейинчалик қовун-тарвуз етиштириш камайиб кетди. Шуларни эсладиму ўтган йил янги ток кўчатлари орасида “Қорақош” навли тарвуз уруғи экдим. Меҳнатидан қочмадик, ўз вақтида ишлов бердик. Шунақанги тарвуз бўлдики, айримлари 70 килодан ҳам ошиб кетди. Ўтган йил тажриба орттирганимиз учун бу йил томорқа ва деҳқон хўжалигимизда 75 сотих ерда тарвуз етиштирдик. Бу йил тарвузлар ўтган йилгидек тош босмаган эса-да катта бўлди – 50 килогача келяпти. Демак, меҳнат қилса, яхши ҳосил олса бўларкан. Келаси йил кўпроқ майдонда шундай улкан тарвузларни етиштиришни ният қилиб турибмиз.
Шу пайтгача Соҳибкорда одамлар тарвуз экмаган экан. Абдумажид акага ҳавас қилиб, бу йил яна саноқли қишилар полиз экинлари етиштирибди. Кейинги йилда уларнинг сафига яна бошқалар ҳам қўшилишни ният қилиб туришибди.