Жасур Умировнинг жазоси енгиллаштирилиб, озодликка чиқарилди
Бугун ижтимоий тармоқларда хонанда Жасур Умировнинг қамоқдан чиққани ҳақида хабарлар ва видео тарқалди.
Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармаси матбуот котиби Бобур Туляганов ушбу ҳолатга ойдинлик киритди.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг 8 июнидаги Олий суднинг кассация инстанциясининг ажримига асосан Умиров Жасур Убайдуллаевич Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаган ҳолда, шунингдек жабрланувчи ва унинг қонуний вакилининг унга нисбатан даъвоси йўқлигини инобатга олган ҳолда унга нисбатан чиқарилган озодликдан маҳрум қилиш жазоси озодликни чеклаш жазосига ўзгартирилган.
2021 йил 9 июнь куни юқоридагиларга асосланиб, Ж.Умиров Жазони ижро этиш колониясидан озод қилинди.
Эслатиб ўтамиз, 2 февраль куни жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон шаҳар судида судланувчи Жасур Умировга нисбатан суд ҳукми эълон қилинган эди. Унга кўра Ж. Умиров Жиноят кодексининг 118-моддаси (номусга тегиш) 1-қисми билан айбли деб топилиб, 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган эди.