Кексалик бекорчилик эмас, масъулиятли давр
Турли соҳаларда юртимиз равнақи йўлида меҳнат қилган бир гуруҳ самарқандлик фахрийлар дастурхон атрофида дийдорлашди.
"Инсон қадри улуғланган юртнинг эртаси ҳам улуғдир!" шиори остида ўтказилган тадбирда вилоят ҳокими Э.Турдимов ва Ўзбекистон Қаҳрамони, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари С.Турдиев сўзга чиқиб, юртимизда кексаларни эъзозлашга қаратилаётган эътибор, уларнинг бой тажрибасидан фойдаланишни ташкил этиш бўйича амалга оширилаётган ишларга тўхталиб ўтди. Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги ташкил этилишининг ўзи жамиятда фахрийларнинг ўрни нечоғли муҳим эканлигидан далолат бериши қайд этилди.
Тадбирда самарали фаолияти, бой тажрибаси билан ёшларга ибрат бўлиб келаётган бир гуруҳ нуронийлар эсдалик совғалари билан тақдирланди.
- Кексалик бекорчилик эмас, балки энг масъулиятли давр эканлигини ҳис этган ҳолда юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни халққа тўғри, халқона тушунтиришга ҳаракат қилмоқдамиз, - дейди "Эл-юрт ҳурмати" ордени соҳиби, фахрий журналист Облоқул Усмонқулов. - Бугунги тадбирда айтилган фикрларни эшитиб, янги вазирлигимизнинг бевосита нуронийлар билан боғлиқ бўлганлиги зиммамиздаги масъулият юкини яна бир бор чуқур англатди. Бундай эътибор ва ғамхўрлик ҳар бир кекса нуронийга куч-ғайрат, шижоат бағишлайди. Биз бор кучимиз билан юртимиз равнақи йўлида хизмат қилишда давом этиб, ёш авлодга ўрнак бўлишдан мамнунмиз.
Тадбир иштирокчиларига вилоят ҳокимлигининг эсдалик совғалари топширилди.
Алишер Исроилов.