Коррупцияга қарши курашишни раҳбарлар ўз ташкилотидан бошлаши керак

Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг жорий йил 17 сентябрь куни пойтахтимизда бўлиб ўтган навбатдаги йиғилишида ҳудудий кенгашлар таркибини шакллантириш масаласи кўрилиб, унга кўра Самарқанд вилоят коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгаши таркиби тасдиқланган эди. 

Вилоят ҳудудий кенгашининг бугун ўтказилган дастлабки йиғилишида кенгаш таркиби таништирилиб, вазифалар белгилаб олинди.

Вилоят ҳокими, коррупцияга қарши курашиш вилоят ҳудудий кенгаши раиси Э.Турдимов коррупциянинг жамият тараққиётига салбий таъсири, уни келтириб чиқарувчи омилларни бартараф этиш хусусида сўз юритди. 

Ўзбекистон Республикаси коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори ўринбосари Умида Тўхташева коррупцияга қарши курашиш борасида мамлакатимизда қўлланилаётган амалиёт, бу борада қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси ҳақида маълумот бериб, “Коррупциясиз соҳа” лойиҳасини амалга оширишда ҳудудий кенгашлар аъзолари олдида турган вазифаларни кўрсатиб ўтди.

Йиғилишда шунингдек, Давлат божхона қўмитаси раиси ўринбосари Н.Мусамуҳаммедов, Олий Мажлис Сенати аъзоси Ф.Тошев мазкур иллатга қарши курашиш юзасидан таклиф ва тавсияларини билдирдилар. 

– Мазкур иллатга қарши курашишни кенгаш аъзолари аввало ўзидан, ўзи раҳбарлик қилаётган корхонадан бошлаши зарур, – деди Э.Турдимов йиғилиш якунида. – Қолаверса, бу борада оммавий ахборот воситалари, жамоатчилик ёрдамига таяниш, тегишли органлар билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш лозим.