Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Кун мавзуси: Чоралар кўриляпти, аммо натижа йўқ

Аномал совуқ бироз чекинганига қарамай, шу кунларда жойларда деярли барча йиғилиш ва мажлислар кун тартибидаги асосий масала - аҳолини электр энергияси, иссиқлик ва газ билан таъминлаш муаммоси қандай ҳал этилаётгани ҳамда ёқилғи қуйиш шохобчалари инқирозидан қандай чиқиши мумкинлиги ҳақида бўляпти.

 Қиш мавсумида аҳолини табиий газ билан таъминлашни яхшилаш мақсадида ўтган йилнинг декабрь ойида мулкчилик шаклидан қатъи назар, газ қуйиш шохобчалари фаолиятига чекловлар киритилган эди. Унга кўра, жорий йилнинг 9 январига қадар мазкур шохобчалар кечаси соат 23:00 дан кундуз 14:00 гача ишлашга ўтганди. Ҳайдовчилар тунги дам олишни тўхтатиб, газ қуйиш шохобчалари эшиги олдида соатлаб навбатда туришга ўрганиб ҳам қолди.

9 январдан об-ҳавонинг ўта совугани сабабли метан газ шохобчалари мутлақо ишламаяпти. Натижада бензин қуйиш шохобчаларида узун навбатлар пайдо бўлди.

Аҳолига енгиллик яратиш мақсадида А-80 маркали бензин нархи туширилди, 5700 сўмдан сотиш белгиланди. Аммо шундан кейин бу маркадаги бензин дарҳол танқис товарга айланди.

“Мен кичкина одамман, ҳеч нарсани билмайман...”

“Тошкент-Самарқанд” автомагистрали бўйидаги “Жомбой дон маҳсулотлари” корхонаси рўпарасида жойлашган ёқилғи қуйиш шохобчаси остонасида машиналарнинг турнақатор навбатини кўриб тўхтадик. Ҳайдовчиларнинг айтишича, бу ерда А-80 маркали бензин сотиляпти экан.

Биз ҳам машинага ёқилғи қуйиш учун навбатда турдик. Икки соатдан кейин навбатимиз келганида, шохобча ходими ёқилғи тугаганини айтди. Ҳайдовчилар шу заҳоти шовқин кўтариб, норози бўла бошлашди.

– Эрталаб учта ёнилғи ташувчи юк машинаси ёқилғи олиб келганини ўз кўзим билан кўрдим, – дейди ҳайдовчилардан бири Нуриддин Алимов. – 30 тоннадан ортиқ бензин олиб келишди. Бундай ҳажмдаги ёқилғини шу вақт ичида тугатиш мумкин эмас...

Бу ҳолатнинг сабабларига ойдинлик киритиш мақсадида оператор ойнаси олдига бориб, ёқилғи қуйиш шохобчаси раҳбари билан боғланишни сўрадим. Ўзини таништирмаган ёш оператор у “кичкина одам” эканлигини ва ҳеч нарсани билмаслигини айтди. Ва дарҳол дарчани ёпиб, кетиб қолди. Шохобча ва “Мароқанд” нефть базаси раҳбарияти билан боғланишга уринишларимиз эса бесамар кетди.

Кундалик узилишлар соатбай узилишларга айланди

Бугунги куннинг яна бир муҳим муаммоси аҳолини электр энергияси билан таъминлаш масаласидир. Таъкидлаш жоизки, бу йўналишдаги вазият, юмшоқ қилиб айтганда, ёқилғи қуйиш шохобчаларидан яхши эмас.

Масалан, ҳозирги вақтда Жомбой туманидаги “Шерқўрғон”, “Қўлбости”, “Ногаҳон”, “Наймантепа”, “Нўш”, Пайариқ туманидаги “Эшимоқсоқ”, “Маниобод”, “Оққўрғон”, “Сорисув” маҳалла фуқаролар йиғинлари аҳолиси учун электр энергияси таъминотидаги кунлик узилишлар соатбай ва дақиқабай узилишларга айланди.

– 20 январига ўтар кечаси олти соат мобайнида чироқларимиз ўн марта ўчди, – дейди Наймантепа маҳалласида яшовчи Толиб Жўраев. – Қишлоқда ёлғиз, касал кексалар бор. “Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари” корхонаси Жомбой тумани филиали навбатчи диспетчерининг телефони эса ўчирилган. Қиш кечасининг ярмида бундай об-ҳавода қаерга мурожаат қилишни билмаймиз.

Узоқ ва фойдасиз қўнғироқлар

Электр таъминоти тизимидаги бундай узилишлар сабабларини ўрганиш мақсадида “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятининг электр энергияси етказиб бериш, энергия тизимининг барқарорлигини сақлаш, шунингдек, электр таъминоти тизимидаги мувозанат ва хавфсизликни созлаш билан шуғулланувчи “Cалл-марказ”га қўнғироқ қилдик.

Дастлаб қўнғироғимизни робот-оператор қабул қилган бўлса керак, у “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ ҳақида ўзбек ва рус тилларида қисқача маълумот берди. Шундан сўнг робот, агар абонентларни электр энергияси билан таъминлаш бўйича таклиф, шикоят ёки аризалар бўлса, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ “Cалл-марказ”нинг 11-54 қисқа рақамига қўнғироқ қилишни маслаҳат берди.

Ушбу ташкилотнинг қисқа рақами 20 дақиқа давомида банд бўлди. Ниҳоят, у тез орада 0 рақамини босиб оператор билан боғлашини айтди. Шундан сўнг оператор бизга жавоб берди ва қўнғироғимиз 32 рақами билан рўйхатдан ўтганини билдирди. Шундай қилиб, навбатимиз келгунча деярли 40 дақиқа кутдик.

“Сабабини бошлиқлар билади...”

Ниҳоят, робот эмас, жонли оператор гўшакни кўтариб, манзилимизни сўради. Шикоятимизга қулоқ солмай, бизни тез орада “Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари” корхонаси билан боғлашини айтди. Шундай қилиб, яна 10 дақиқа ўтди. Бу ерда ҳам робот биринчи бўлиб қўнғироғимизга жавоб берди ва мурожаатимиз 21-рақамда қайд этилди.

Навбатимиз келгунча яна 15 дақиқа кутишимиз керак эди. Ниҳоят, “Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари” корхонаси навбатчи операторининг узоқ кутилган овозини эшитдик.

- Қаердан қўнғироқ қиляпсиз?

– “Зарафшон” ва Самаркандский вестник” газеталари бирлашган таҳририятидан.

- Бу газеталар қаердан чиқади?

- Самарқанддан.

- Муаммо нимада?

- Пайариқ ва Жомбой туманларининг кўплаб фуқаролари йиғинларида электр таъминотида нима учун тез-тез узилишлар бўлаётгани сабабини билмоқчи эдик.

- Биласизми, мен оддий операторман. Бундай узилишлар сабабини фақат бошлиқлар билади. Афсуски, улар ҳали келгани йўқ. Эртага кечқурун қўнғироқ қилсангиз яхши бўлади. Мен сизнинг саволингизни уларга албатта етказаман. Ҳа, менимча, чоралар кўрилмоқда.

- Кечирасиз, исмингиз ва фамилиянгиз нима?

- Мен исмимни айта олмайман. Рухсат берилмаган. Хайр!

Хуллас, қарийб 3 соатлик уринишдан сўнг олган жавобимиз шу бўлди.

Хулоса шуки, тизимдаги узилишларга хўжасизлик, ортиқча бюрократия ва бошбошдоқлик ҳам сабаб эмасмикин?

 Ёрмамат Рустамов.