МИБ Самарқанд вилоят бошқармасига янги раҳбар тайинланди

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг буйруғи билан Ҳайдаров Бурхон Умарович  Мажбурий ижро бюроси Самарқанд вилояти бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди.

Б.Ҳайдаров 1978 йилда Самарқандда туғилган. Иш фаолиятини 2006 йилда Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаментининг Тошкент вилояти Тошкент туманида инспектор лавозимидан бошлаб, кейинчалик турли вазифа ва лавозимларда ишлаган.

Хусусан, 2014-2018 йилларда Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Бўка тумани ва Янгийўл шаҳар бўлимларида бўлим бошлиғи лавозимида фаолият юритган.

Бюро органларида фаолиятини 2018 йилда вилоят бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимида бошлаган, сўнгра Юнусобод туман бўлими бошлиғи ўринбосари вазифасида давом эттирган.

Мазкур тайинловга қадар Б.Ҳайдаров МИБнинг Тошкент шаҳар бошқармаси шуъба катта инспектори лавозимида фаолият юритиб келаётган эди.

Маълумот учун: Бюронинг Самарқанд вилоят бошқармаси собиқ бошлиғи Суръат Жабборов ўз вазифасини МИБнинг марказий аппаратида бўлим бошлиғи сифатида давом эттирмоқда.