Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Микроқарзларнинг энг юқори миқдори 100 млн сўмгача оширилади

“Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришда микромолия хизматларининг ўрни ва улушини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, 2024–2026 йилларда қуйидаги мақсадли кўрсаткичларга эришишга қаратилган микромолиявий хизматлар оммабоплигини ошириш дастури амалга оширилади:

🔹микромолиялаш бозори ҳажмини камида 5 баробарга ошириш;

🔹микромолиявий хизматлар билан 1 миллиондан ортиқ тадбиркорларни қамраб олиш;

🔹микромолия ташкилотлари ресурс базасида жисмоний шахслардан жалб қилинадиган маблағлар миқдорини 2 баробарга ошириш;

🔹микромолиявий хизматлар кўрсатиш орқали расмий даромадга эга бўлмаган 500 мингга яқин шахсларни ўзини ўзи банд қилиш ва бизнесни ривожлантиришга кўмаклашиш.

🗓 2024 йил 1 январдан:

➖микроқарзнинг энг юқори миқдори 50 млн сўмдан 100 млн сўмгача оширилади;

➖нобанк кредит ташкилотлари акциядорлик жамияти ёки масъулияти чекланган жамият шаклида ташкил этилади;

➖микромолия ташкилотларига норезидентлардан хорижий валютада қарз маблағларини жалб қилиш ҳамда юридик шахсларга хорижий валютада молиявий хизматлар кўрсатишга рухсат берилади;

➖жисмоний шахс бўлган иштирокчилардан (акциядорлардан) устав фондига (устав капиталига) киритилган ҳисса суммасининг ёки уларнинг эгалигидаги акциялар номинал қийматининг икки бараваридан ошмайдиган миқдорда қарз маблағларини жалб этишга рухсат берилади;

➖микромолия ташкилотлари тегишли лицензия олган ҳолда тўлов ташкилоти фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлади;

➖жисмоний ва юридик шахслар томонидан нобанк кредит ташкилотининг устав капиталидаги улушга эгалик қилиш учун Марказий банк дастлабки рухсатномасини олиш талаби қонунчиликда белгиланган 10 фоизлик улушни 20 фоизга ошириш орқали юмшатилади.

❕Бунда, олинаётган улуш миқдори 10 фоиздан 20 фоизгача бўлганда Марказий банкни хабардор қилиш тартиби жорий этилади;

➖микромолия ташкилотларига тижорат банкларидан кредит ресурслари жалб этилганда ёки тадбиркорлик субъектларига микромолия ташкилотларидан микрокредит олинганда “Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси” АЖ кафиллигини бериш имконияти яратилади;

➖тижорат банкларига микромолия ташкилотларига кредит ажратишда уларнинг кўрсатилган микромолиявий хизматлари бўйича талаб қилиб олиш ҳуқуқини гаровга олиш ҳуқуқи берилади.

✅ 2024 йил 1 апрелгача микромолия хизматлари соҳасига ихтисослашган янги микромолия ташкилоти ташкил этилади.

📋 2024 йил 1 январгача микромолия ташкилотлари томонидан исломий молиялаштиришга оид хизматлар кўрсатишнинг норматив-ҳуқуқий базаси ишлаб чиқилади.