Мўъжизалар ва совғалар арча остида бўлади...
Ҳамма жойда байрамона кайфият бағишлаб киши кўзини қувнатадиган Янги йил безаклари ярқираб турибди. Adme.ru нашри байрам кунлари ҳаётда оддий одамлар билан содир бўлган оддий ҳикояларни тўплади.
* Ушбу воқеа 2003 йилда бўлганди. 31 декабрь куни ишдан қайтаётгандим. Тўсатдан бурчакдан Қорбобо пайдо бўлди. У мени исмим билан чақириб: “Табриклайман! Сиз бу йил ўзингизни яхши тутдингиз, мана совғангиз!”, деб бир сумкани узатди. Ҳайратда қолдим ва “Раҳмат!”, дея совғани олдим. Уйга келиб сумкани очсам, унда конфетлар ва юз креми бор экан. Бу менга жуда хуш келди, бироқ Қорбобонинг кимлиги мен учун сир бўлиб қолди. Крем ҳам мутлақо яхши бўлиб чиқди, ҳали ҳам айнан шунақасидан сотиб оламан...
* Шаҳримизда Янги йил олдидан битта квартирага ўғри тушди. Ўғрилар қўлларидан келганча ҳамма нарсани олиб чиқиб кетишибди. Бироздан сўнг маълум бўлишича, бу квартирада болалар уйи болалари учун янги йил совғаси сифатида нарсалар ва маблағлар йиғилган экан. Қизиғи, бу ҳақда билиб олган қароқчилар ҳамма нарсани қайтариб олиб қўйиб кетишибди. Бугун совғалар болаларга етказиб берилди. Ҳаётда шундай мўъжизалар ҳам содир бўлиб туради...
* 13 ёшда эдим ва Янги йил арафасида ота-онам мен учун тайёрлаб, яшириб қўйган совғани излаб топишга қарор қилдим. Нотаниш ҳужжатлар жамланган папкага дуч келгунимга қадар, қимматбаҳо буюмни қидириб бутун уйни айланиб чиқдим. Мен ота-онам барча муҳим ҳужжатларни қаерда сақлаши ва улар қандай кўринишга эгалигини билардим, лекин бунисини биринчи марта кўришим эди. Албатта, уни ўқий бошладим.
10 сентябрда туғилган Марияни асраб олиш ҳужжатлари экан. Туғилган куни ва йилига қараганда, икковимиз ҳам тахминан худди шу ёшдамиз. Нигоҳим ҳужжат имзоланган санага тушгунга қадар тахминан 5 дақиқа давомида мен бу қиз кимлиги ва нега унинг ҳужжатлари бизнинг уйда сақланаётганини тушунолмадим. Шундан сўнг, асраб олинган эканлигимга тушуниб етдим! Улар менинг исмим ва туғилган кунимни ўзгартирган экан. Биласизми, мен ҳеч қачон ўзимни ўша кундагидек бахтли ҳис қилмаганман! Ахир, ота-онам минглаб болалар орасидан мени танлаган!
Шунчалик илиқлик ва ғамхўрлик қилиб, мени катта қилган ота-онам менга бегона бўлиши мумкинлигини бир сонияга ҳам тасаввур қила олмасдим. Йиллар ўтди. Кеча турмуш ўртоғим билан қиз фарзанд асраб олиш учун ҳужжатларни расмийлаштира бошладик. Умид қиламанки, биз ҳам унга яхши ота-она бўла оламиз!
* Янги йил байрамини оила аъзоларим билан нишонлаш учун уларга “сюрприз” тайёрлаб, айтмасдан бошқа шаҳардан келишга қарор қилдим. Эшикни очиб кирганимда, фақат мушук мени кутиб олади. Маълум бўлишича, ота-онам ва укаларим ҳам мени ажаблантиришга қарор қилишган ва менинг уйимга кетишган экан! Натижада, улар менинг уйимда байрам қиладиган бўлди, мен эса уларнинг уйида қолиб, Янги йил кечаси тўйиб ухладим.
* Мен 30 декабрь куни туғилганман. Кўпинча бу кунда ишхонамда Янги йил байрами зиёфати ўтказилади. Шундай қилиб, ҳамкасбларим билан ҳам янги йилни, ҳам менинг туғилган кунимни бир кунда нишонлаймиз. Айтганча, бу менга жуда ёқади. Лекин гап бунда эмас. Бу йил бошлиғим менга жамоа номидан катта гулдаста совға қилди. Гуллар кечгача ишхонамдаги гулдонда турарди. Жамоамизнинг деярли барча қизлари бу гулдаста билан суратга тушиб, уни севган кишиси берганини ёзиб, интернетга жойлаштиргани маълум бўлгач, ҳаммамиз қаҳқаҳа уриб кулдик. Оҳ, бу аёллар...
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.