Москвадаги ҳостелда йирик ёнғин юз берди, ҳалок бўлганлар орасида ўзбекистонликлар ҳам борлиги айтилмоқда
Москва вилоятида жойлашган ҳостеллардан бирида 23 май куни ёнғин содир бўлган. “Дунё” агентлиги ҳодиса оқибатида ҳалок бўлганлар орасида ўзбекистонликлар ҳам борлигини маълум қилди.
Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси консуллик бўлимининг дастлабки маълумотларига кўра, ёниб кетган ҳостелда 20 га яқин хорижлик яшаган, улардан 11 нафари Ўзбекистон фуқаролари бўлган.
Ҳодиса оқибатида 8 киши ҳалок бўлган. Айни пайтда уларнинг шахсига аниқлик киритилмоқда.
Қурбонлар орасида ўзбекистонликлар ҳам бор. Ҳалок бўлганларнинг шахсига аниқлик киритиш мақсадида жасадлар Истра шаҳар суд-тиббиёт экспертизаси бюросига юборилган.
Қайд этилишича, вазият элчихонанинг консуллик бўлими ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Москвадаги ваколатхонаси назоратига олинган.
Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.