Нариман Григоряннинг ўлими тафсилотлари маълум бўлди
Ўзбекистон Бош прокуратураси таниқли дизайнер Нариман Григорян қотиллиги тафсилотларини очиқлади.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йил 14 январь куни соат 12:05 ларда Яшнобод тумани ИИО ФМБ навбатчилик қисмига келиб тушган хабарга кўра, шу туманда жойлашган хонадоннинг меҳмонхонасидан 1985 йилда туғилган Нариман Григорян (Нариман Алимджанов)нинг мурдаси қотиллик аломатлари билан топилган.
Олиб борилган тергов-тезкор ҳаракатлари давомида мазкур қотиллик жинояти 1996 йилда туғилган А.А. томонидан содир этилганлиги аниқланган. Айбланувчи сўроқ давомида Нариман Григорянни қасддан ўлдирганини тан олган.
Айбланувчи дизайнернинг пул маблағларига эгалик қилиш мақсадида 13 январь куни 1 литр ҳажмдаги баклашкада бензин ва пичоқ билан қуролланиб, Григоряннинг уйига борган. Сўнг уни қасддан ўлдириб, хонадонда бўлган 625 АҚШ доллари, 2 дона "Iphone" телефони, 1 дона электрон сигарета чекиш мосламаси, 1 дона "Airpods" наушниги, "Captiva" русумли автомашина калитини ўзи билан олиб кетган.
Хонадондан чиқиб кетаётган вақтида жиноят ишларини яшириш мақсадида хонадон ва Наримон Григоряннинг мурдасига ўзи билан олиб келган бензин ёқилғисини сепиб, ўт қўйган.
Сўнг мазкур хонадонга кириш эшигини қулфлаб чиқиб кетган.
Сўроқ давомида у телефонлар, автомашина калити ва 2 та пичоқларни Қорасув каналига ташлаб юборганлигини, 225 АҚШ долларини сўмга айирбошлаб, бир қисмини ўзининг эҳтиёжларига сарфлаб юборганлигига иқрорлик билдирган.
Жиноят иши бўйича ҳодиса жойи кўздан кечирилиб, Чигил кўчасидан оқиб ўтувчи Қорасув каналидан 2 дона пичоқ, А.А.нинг ёнидан 400 АҚШ доллари ва 1 миллион 60 минг сўм пул маблағлари, 1 дона "IQOS" электрон сигарета чекиш мосламаси ва 1 дона "Airpods" қулоқчини (наушник)лар ашёвий далил тариқасида олинган.
Дастлабки тергов ҳаракатлари давомида суд тиббий ва дактилоскопия экспертизалари тайинланиб, айбланувчи А.А.нинг кўрсатмаларини ҳодиса содир бўлган жойда текшириш тергов ҳаракатлари ўтказилиб, 17 январь куни А.А.га нисбатан “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланган.
Ҳозирда жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари давом этмоқда.