Одамлар орасида бўлсак депутатлигимизни ҳис қиламиз
1. Сайлов округингизда 2020 йилда қандай лойиҳалар режалаштирилган? Улар ижросига киришилганми?
Сайлов округим, умуман, Самарқанд туманида бугунги кунда ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш муҳим масала ҳисобланади. Шундан келиб чиқиб, округ ҳудудида 2020 йил учун бир қатор лойиҳалар режалаштирилган эди. Аммо коронавирус пендемияси сабабли хорижий давлатлар билан боғлиқ лойиҳаларни амалга ошириш имкони бўлмади. Дастурларда белгиланган бошқа лойиҳалар эса бажарилди.
Жумладан, ташаббускор Нилуфар Аҳадова 600 миллион сўм маблағ сарфлаб, бўш турган бинони реконструкция қилди ва маиший хизмат кўрсатиш фаолиятини йўлга қўйди. “Ориф Толибов Агро” фермер хўжалиги 285 миллион сўм ўз маблағи ва 475 миллион сўм банк кредити эвазига интенсив боғ ташкил этди.
Шунингдек, “Talibarzu Bunyod” масъулияти чекланган жамияти томонидан ун ишлаб чиқариш, “Parizoda shirin lazzatlari” оилавий корхонаси томонидан паррандачиликни ривожлантириш лойиҳаси амалга оширилди.
2. Депутат сифатида бевосита ўзингиз сайланган сайлов округида маҳалла ёки меҳнат жамоасида қандай тадбир ўтказдингиз?
Ҳудуддаги барча маҳаллалар, корхона ва ташкилотларда белгиланган режа асосида доимий мулоқот қилиб тураман. Чунки, қачонки сайловчилар орасида бўлсак депутатлигимизни, зиммамиздаги бурчни теранроқ ҳис қиламиз. Ўз навбатида одамлар ҳам кимга, нима учун овоз берганлигини англайди. Қолаверса, аҳоли билан кўпроқ мулоқот қилиш жойлардаги реал ҳолат билан яқиндан танишиш ва доимий комиссия йиғилишлари, Кенгаш сессияларига у ёки бу масалани олиб чиқишга асос бўлади. Жумладан, Равонак, Талибарзуи поён, Андижони, Боғитилло маҳаллаларидаги учрашувларда аҳоли билдирган фикрлар асосида вилоят Кенгаши сессиясида Равонак маҳалласи марказида ёмғир сувлари тўпланиб қолиши масаласини кўтариб, тегишли идоралар ёрдамида бу муаммони ҳал этишга эришдик. Ҳудуддаги 39-умумий ўрта таълим мактаби иситиш тизимини таъмирлаш, 43-умумий ўрта таълим мактаби синфхоналарига кузатув камералари ўрнатишга ёрдам бердим. Карантин чоралари кучайтирилган пайтда “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида 30 оилага озиқ-овқат маҳсулотлари етказилди.
3. Депутат сифатида ўзингиз сайланган сайлов округи ҳудудидаги аҳоли муаммоларини ҳал этиш юзасидан юборилган охирги депутатлик сўровининг мазмуни ва натижасини шарҳланг.
Йил бошидан буён мутасадди идоралар, ҳокимликларга 30 дан ортиқ депутатлик сўрови юбориб, ҳозиргача уларнинг 25 тасига жавоб олдим. Охирги депутатлик сўровим аҳолининг электр энергияси таъминоти билан боғлиқ бўлиб, “Зарафшон электр тармоқлари” корхонасига юборилган.
Мотрид маҳалласидаги тиббий муассасада аҳолига бирламчи сифатли тиббий хизмат кўрсатиш учун бугунги кун талабларига жавоб берадиган шароит йўқлиги ва шу боис бу ерда таъмирлаш, жиҳозлаш ишларини амалга ошириш юзасидан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига мурожаат қилган эдим. Куни кеча бу сўровга жавоб олдим. Жавоб хатида қайд этилишича, Самарқанд шаҳар 3-оилавий поликлиниканинг филиали сифатида фаолият олиб бораётган мазкур муассасани 2021 йилда маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан таъмирлаш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрланаётган экан.
Нарзиқул Холиқов,
49-Равонак сайлов округидан вилоят Кенгаши депутати.