Оммавий югуриш мусобақалари ғолиблари аниқланди
Самарқанд халқаро туризм марказида «Талаба-югур» ва «Ҳарбий-югур» оммавий югуриш мусобақалари бўлиб ўтди.
Соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, аҳолининг жисмоний фаоллигини ошириш ҳамда ёшлар ўртасида спортга қизиқишни кучайтириш мақсадида ташкил этилган мусобақаларда 5 минг нафарга яқин иштирокчи 3 километр масофага югуриш баҳсларида қатнашди.
Мусобақа натижаларига кўра, «Талаба-югур» марафонининг эркаклар ўртасидаги баҳсида Самарқанд давлат педагогика институти талабаси Азизбек Бошмонов, қизлар ўртасида Каттақўрғон давлат педагогика институти талабаси Шаҳина Зиёдуллаева маррага биринчи бўлиб етиб келди.
«Ҳарбий-югур» марафонида эркаклар ўртасида Илҳом Назаров, қизлар ўртасида эса Зебинисо Ўктамова ғолибликни қўлга киритди.
Мусобақа якунида ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан медаллар ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.