Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Оналарнинг ҳар бири оқила, академик

Самарқандда республика "Оқила аёллар" жамоат тузилмаси вакиллари иштирокида, мазкур фаолиятнинг самарадорлигини ошириш бўйича семинар бўлиб ўтди.  Унда вилоят, туман миқёсида ташкил этилган тузилма аъзолари, жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

-Оиладаги муҳитни яхшилаш, хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш, улар ўртасида маънавий-маърифий ишларни такомиллаштириш фаолиятимизнинг асосий мезонини ташкил этади, - деди вилоят ҳокими ўринбосари, вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси раҳбари Зебинисо Раҳмонова. - Алоҳида таъкидлашни истардим, иш бошлаганимизда соҳага тегишли кўп кўрсаткичлар, жумладан, ажралишлар, жиноятчилик каби нохуш ҳолатлар ошганди. Йил сўнгига келиб, хотин-қизлар ўртасида жиноятчилик 13 фоизга камайди, ажралишлар сони ҳам пасайилишига эришилди. Бу ўзгаришларда жойлардаги хотин қизлар фаолларининг саъй-ҳаракатлари билан бир қаторда Оқила аёллар ҳаракати аъзоларининг фаолияти ҳам муҳим. 

- Бугун республика миқёсида 150 мингдан ортиқ Оқила аёллар аъзолари шакллантирилди,  - дейди республика Оқила аёллар ҳаракати раҳбари, педагогика фанлари доктори, профессор Ойниса Мусурмонова. - Улар орасида давлат мукофоти совриндорлари, жамиятда  ҳам, оилада ўз ўрнига эга бўлган, намунали аёллар танлаб олинди. Аслида, юртимиздаги барча аёллар оқила. Кимдир пазандачиликда, кимдир тикувчиликда, кимдир фарзанд тарбиясида, кимдир муомала муносабатда. Аммо ҳаммамиз ҳам ҳаётнинг барча жабҳасида идеал бўлолмаймиз. Кимдир тақозосига кўра, яна биров адашиб ҳаётини издан чиқариши мумкин. Оқила аёллар тузилмаси аъзолари айнан шу аёллар билан ишлаши лозим.

Кейинги йиларда пенсия, бандлик, саломатлик масалаларида,  ногиронлиги бор инсонлар, муҳожирлар учун қатор янги имтиёзлар, имкониятлар яратилмоқда. Оқила аёллар жойларда аҳоли билан ишлашдан аввал ўзлари ҳам шу имтиёзлар, қонун ҳужжатларидан хабардор бўлишлари керак.

Шунингдек, семинарда фалсафа фанлари доктори Жамила Шермуҳамедова ва бошқа мутасаддилар ҳам оилалар билан ишлаш бўйича ўз тажрибаларини ўртоқлашди.

Шу каби семинарлар вилоятнинг барча туманларида бўлиб ўтиши режалаштирилган.