Овозларни санаш бошланди, натижалар ўн кун ичида эълон қилинади
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловида овоз бериш якунланди.
Вилоятимиздаги 1130 та сайлов участка биноларида ҳам соат 20.00 да эшиклар ёпилди ва сайлов қутилари очилиб, овозларни санаш бошланди.
- Самарқанд шаҳридаги 1113-сайлов участкасида ҳам сайлов жараёнлари қизғин ўтди, - дейди участка сайлов комиссия раиси Муножот Искандарова. - Участкада Шодиёна маҳалласидаги 2543 нафар сайловчи рўйхатга олинган бўлиб, шундан 1672 нафари бевосита сайловда иштирок этди. 238 нафар сайловчи муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқидан фойдаланди.
Сайлов жараёнларини бошқариш ахборот тизимида вилоят бўйича 2 миллион 156 минг 264 нафар сайловчи рўйхатга киритилган бўлиб, соат 17:00 ҳолатида сайловчиларнинг 73,98 фоизи овоз беришда қатнашган эди. Сайлов кодексига кўра, сайловчилар рўйхатига киритилган фуқароларнинг 33 фоизи овоз беришда қатнашган бўлса, сайлов ўтган ҳисобланади.
Сайлов натижалари ўн кун ичида эълон қилинади.