Ўзбекистон Осиё ўйинларини 5-ўринда якунлади

Самарқандлик спортчилар мусобақада 8 та медални қўлга киритди
 
Япониянинг Аичи префектураси ва Нагоя шаҳрида ўтказилган XX ёзги Осиё ўйинлари якунига етди.
Ўзбекистон делегацияси қитъанинг энг йирик комплекс спорт мусобақасида 21 та олтин, 25 та кумуш ва 24 та бронза медалини қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида 5-ўринни ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида эса 1-ўринни эгаллади.
19 сентябрдан 4 октябргача давом этган мусобақаларда 45 давлатдан 11 минг нафардан ортиқ спортчи қатнашди. 43 та спорт тури ва 71 та йўналиш бўйича 469 та медаллар жамланмаси учун кураш олиб борилди.

Ўзбекистон шарафини эса 42 та спорт тури бўйича 396 нафар атлет — 224 нафар эркак ва 172 нафар аёл ҳимоя қилди.
Якуний медаллар жадвалида Хитой 169 та олтин медаль билан биринчи, мезбон Япония 83 та олтин билан иккинчи, Жанубий Корея 39 та олтин билан учинчи ўринни эгаллади. Ҳиндистон ва Ўзбекистон ҳисобида 21 тадан олтин медаль бўлди. Бироқ ҳиндистонлик спортчилар 27 та кумуш медаль жамғаргани боис 4-ўринни эгаллади. Ўзбекистон эса 25 та кумуш билан кучли бешликни якунлади.
Мусобақада Самарқанддан 12 спорт тури бўйича 24 нафар спортчи терма жамоа сафида юртимиз шарафини ҳимоя қилди ва 4 та олтин, 1 та кумуш, 3 та бронза медалини қўлга киритди.

Енгил атлетиканинг уч хатлаб сакраш  дастурида Шарифа Давронова, академик эшкак эшиш бўйича  Шаҳзод Нурматов ва Собир Сафаралиев жуфтлиги, бадий гимнастика бўйича тахмина Икромова олтин, академик эшкак эшишнинг жамоавий баҳсида Дилшод Худойбердиев кумуш, Давржон Давронов эса бронза медалига сазовор бўлди.
Шунингдек, боксчиларимиз Ситора Турдибекова -60 килограм вазн тоифасида ҳамда Шавкатжон Болтаев -70 килограм вазнда бронза медалига эга чиқди.