Киберҳужумга қарши: Самарқандда ёшлар куч синашмоқда

Халқаро киберхавфсизлик саммити доирасида Самарқандда “Cyberkent 4.0” киберхавфсизлик мусобақаси ўтказилмоқда.
Шу кунларда Тошкент шаҳрида “Киберхавфсизлик саммити — Марказий Евроосиё, CSS — 2026” халқаро саммити бўлиб ўтяпти. Унда киберхавфсизлик соҳасидаги мутахассислар, экспертлар, давлат ташкилотлари ва йирик компаниялар вакиллари иштирок этмоқда.
Саммит доирасида ёшларнинг киберхавфсизликка қизиқишини ошириш, иқтидорли ёшларни аниқлаш ва соҳага янги мутахассисларни жалб этиш мақсадида “Cyberkent 4.0” мусобақаси Фарғона, Наманган, Тошкент, Самарқанд вилоятлари, Тошкент шаҳри ва Қорақалпоғистон Республикасида ўтказилмоқда.
Самарқанд шаҳридаги School 21 рақамли технологиялар мактабида ҳам мусобақалар қизғин давом этмоқда.

- Мусобақанинг “Red team” ва “Blue team” йўналишлари асосий ўринни эгаллайди, - дейди ушбу мактаб директори Бобомурод Тошбоев. – “Red team” иштирокчиларининг вазифаси ахборот тизимларидаги заифликларни аниқлаш ва улардан фойдаланган ҳолда тизим бошқарувини қўлга киритиш бўлса, “Blue team” жамоалари виртуал инфратузилмага амалга оширилган киберҳужумларни аниқлаш, бартараф этиш ва тизимларни самарали ҳимоя қилиш бўйича ўз маҳоратини намойиш этади.
“Cyberkent 4.0” иштирокчиларнинг техник билимлари билан бирга, тезкор қарор қабул қилиш, ҳужумларни таҳлил қилиш, ҳимоя стратегияларини ишлаб чиқиш ва тизимларни тиклаш бўйича амалий қобилиятларини ҳам синовдан ўтказмоқда.
Мусобақа якунида энг яхши натижа кўрсатган иштирокчилар ва жамоалар тақдирланади.