“Пенсияга чиқиш ёши узайтирилмаса, солиқ оширилади” — иқтисодчи
Ўзбекистонда пенсия ёши узайтирилмаса, солиқларни ошириш зарурати юзага келади. Бу ҳақда иқтисодчи Отабек Бакиров YouTube’даги “Лолазор” подкастида фикр билдирди.
Ҳозирда пенсия тизимига ўзгартириш киритишга оид президент фармони лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилган. Ҳужжатда 2039 йилгача пенсияга чиқиш ёшини эркаклар учун 60 дан 63 ёшга, аёллар учун 55 дан 58 ёшга ошириш ҳам назарда тутиляпти.
Подкастдаги суҳбатда пенсия харажатлари ортиши давлат бюджетига ҳам юкламани кучайтираётгани таъкидланди. “Жамоатчиликнинг 90 фоиздан ортиғи пенсия ёшини узайтиришни истамаса, нима бўлади?” деган саволга жавобан, Отабек Бакиров акс ҳолда солиқлар оширилишига урғу берди.
“Унда солиқ ошади-да. Нима учун буни мен қабул қилиш керак деб ҳисоблаганимни айтайин энди. Харажатлар ва даромадлар ўртасида мувозанатни таъминлаш керак. Мувозанатни таъминлашнинг турли йўллари бор. Энг осон йўли солиқни ошириш, яъни ижтимоий солиқни 12 фоиздан 15 фоизга ошириш. Мен буни умуман қабул қилмайман ва нотўғри деб биламан. Иккинчи радикал йўли ёшни бирданига оширишдан иборат. Булар шунинг учун ҳам ёшни секин, юмшатиб оширмоқчи бўляпти, солиқнинг ставкасига тегмаяпти”, деди таҳлилчи.
Суҳбат давомида Пенсия жамғармаси директори Муродбек Отажонов чиндан ҳам жамғарма даромадлари аҳолини пенсия тўловлари билан тўлиқ таъминлашга етмаётганини айтди. Яъни харажатларнинг қарийб 26 фоизи давлат бюджети ҳисобидан таъминлаб берилмоқда. Бу 2026 йил учун 23 триллион сўм атрофидаги маблағ ҳисобланади. Агар тизимда ўзгариш қилинмаса, 2030 йилга бориб тақчиллик 40 фоизгача ошиб кетиши мумкин.
“Тушунишимча, пенсия ёшини оширишдан асосий мақсадлардан бири — ҳисоб-китоблар бўйича 2040 йилга борганда пенсионерлар сони ишловчилар сонига нисбатан кескин ошади. Бунинг эвазига ишловчилар тўлаётган ижтимоий солиқлар пенсионерларни боқишга етмай қолади. Натижада жамғарма ҳозиргига нисбатан ҳам катта зарарга кириб қолади. Охир-оқибат давлат айтадики: “Ўртоқлар, қўйинглар энди, келинглар солиқни оширамиз, пенсионерларни таъминлаш учун мана бу ишлаётган одамлар кўпроқ солиқ тўласин”, дея фикр билдирди ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев.
Отабек Бакиров пенсия миқдори оширилиши билан боғлиқ хатарлардан бирига тўхталди.
“Йилдан йилга пенсиянинг индексация фоизи пасайиб боряпти. Мисол учун, келаси йилга 5,9 фоизга ошиши прогноз қилиняпти. Бу йил 7 фоиз индексация қилинди. Келаси йил бундан ҳам пастроқ индексация бўлади. Яъни дефицит ошаверган сари, табиийки, давлат харажатни қисишни бошлайди, индексация қилишни секинлаштираверади”, деди иқтисодчи.
Мамлакатда пенсия маблағлари бюджетдан ташқарида, яъни ижтимоий солиқнинг Пенсия жамғармаси ҳисобига ўтказилиши ҳисобига шаклланади. Яъни ҳозир Ўзбекистонда расмий ишловчилар пенсиядагиларга нафақа тўлайдиган тизим ишламоқда.
“Давлат бизга пенсия беряпти деган гап жуда ҳам тўғри эмас. Аслида мени чўнтагимдан олиб, фалончига олиб боришни давлат таъминлаб беряпти”, деди Муродбек Отажонов.
Лекин Конституцияда пенсия кафолатлангани туфайли тўловлар етмаётгани учун давлат бюджетидан маблағ берилмоқда.
Аввалроқ пенсия ёшини оширишга аҳолининг ўртача умр кўриш давомийлиги ва пенсия олиш даври узайгани сабаб сифатида айтилганди.
Ҳозир Ўзбекистонда 4,3 миллион нафар пенсионер бор. Улар сони жами аҳолининг 11,2 фоизини ташкил этади. 2040 йилда пенсионерлар 8 миллион нафарга етиб, аҳоли сонидаги улуши 15 фоизгача ошиши прогноз қилинган.