Юксак қадрият: Илм ва фидойиликка бахшида умр
1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан
Инсон ҳаётида шундай улуғ зотлар борки, уларнинг меҳнати, меҳр-муҳаббати ва ҳаёт йўли бир авлод билан чекланиб қолмайди. Устоз ана шундай буюк инсон. У шогирдга нафақат илм беради, балки унинг қалбида касбга садоқат, Ватанга муҳаббат, инсонга ҳурмат туйғуларини шакллантиради.
1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан Самарқанд давлат тиббиёт университетида фаолият юритаётган фидойи устоз ва олимларимизнинг кўп йиллик самарали меҳнатига яна бир бор таҳсин айтиш ўринлидир. Уларнинг ҳар бири ўз илмий-педагогик фаолияти, етиштирган шогирдлари ва тиббиёт соҳасига қўшган муносиб ҳиссаси билан университетининг илмий салоҳиятини юксалтириб келмоқда.
Ярим асрлик садоқат ва илм йўли
Университетда 50 йилдан буён меҳнат қилиб келаётган, бугунги кунда 76 ёшни қаршилаган профессор Ортиқ Исмоиловнинг ҳаёт ва фаолият йўли ҳар қанча таҳсинга ва эътирофга лойиқ.
Устоз узоқ йиллар давомида тиббиёт таълими ва илмий тадқиқотлар билан бир қаторда ёш авлодга чуқур билим ва юксак тарбия беришдек шарафли вазифани сидқидилдан бажариб келмоқда. Унинг 100 га яқин илмий мақолалари, 12 та услубий қўлланмаси тиббиёт таълими ва амалиёти ривожига муносиб ҳисса бўлиб қўшилган. Айниқса, Ортиқ Исмоиловнинг фидокорона меҳнати нафақат юртимизда, балки халқаро миқёсда ҳам муносиб эътироф этилиб, қўшни Тожикистон Республикасининг юксак Абу Али ибн Сино ордени билан тақдирлангани унинг илм аҳли орасидаги обрў-эътиборини яққол кўрсатиб туради.
Илмга бағишланган порлоқ умр
Анатомия кафедраси мудираси, тиббиёт фанлари доктори Гулчеҳра Тастанова ҳам университетда ўзининг бой илмий-педагогик тажрибаси ва фидокорона меҳнати билан алоҳида ўринга эга.
Устознинг 150 дан зиёд илмий мақолалари, 5 та монографияси, халқаро аҳамиятга молик илмий-услубий ишлари ҳамда 50 дан ортиқ услубий қўлланмалари анатомия фани тараққиётига салмоқли ҳисса бўлиб хизмат қилмоқда. Гулчеҳра Тастанова илмий изланишлар билан бирга, кафедра жамоасига раҳбарлик қилиб, иқтидорли ёш олимлар ва талабаларни катта илм-фанга жалб этиш, уларнинг касбий маҳоратини шакллантириш йўлида ҳам улкан масъулият билан меҳнат қилмоқда.
Шунингдек, тиббиёт фанлари доктори Малика Камолованинг ҳам илмий ҳаётимиздаги ўрни беқиёс. У яратган салмоқли монографиялар ва юздан ортиқ илмий мақолалар соҳанинг турли йўналишларини ривожлантиришда муҳим дастуриламалдир.
Тиббиёт устози — келажак шифокорларининг маънавий тарбиячиси
Самарқанд давлат тиббиёт университетида ана шундай фидойи устозлар сафи беҳисоб. Уларнинг йиллар давомидаги машаққатли меҳнати, илмий кашфиётлари, дарслик ва қўлланмалари, минглаб талабаларга берган ҳаётий сабоқлари олийгоҳимиз тарихининг энг порлоқ қисми ҳисобланади.
Айниқса, тиббиёт соҳасида устознинг масъулияти мислсиз даражада юксак. Чунки бугун маъруза зали ёки аудиторияда берилган билим эртага беморга шифо бериш, инсон ҳаётини асраш ва халқ саломатлигини муҳофаза қилишда ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Шу боис, тиббиёт устози шунчаки педагог эмас, балки келажак шифокорларининг маънавий ва касбий тарбиячисидир.
Бугун университетда фаолият юритаётган ҳар бир устознинг меҳнати қадрлидир. Уларнинг барчасини бирлаштириб турадиган эзгу мақсад — Ватанимиз ва халқ саломатлиги учун муносиб, билимли, юксак маънавиятли тиббиёт мутахассисларини тарбиялашдир. Ҳақиқий олимнинг энг катта бойлиги ҳам айнан унинг илмий мероси ва етук шогирдларидир.
Бахтиёр Қиёмов,
Самарқанд давлат тиббиёт
университети ўқитувчиси.