Порталда маданият соҳаси учун янги хизмат очилди

Ягона интерактив давлат хизматлари порталида маданият марказларида қўшимча тўгарак ва бадиий ҳаваскорлик жамоаларини ташкил этиш учун онлайн ариза топшириш хизмати жорий этилди.

Эндиликда my.gov.uz хизматидан фойдаланиб, маданият марказларида қўшимча тўгарак ва бадиий ҳаваскорлик жамоаларини ташкил этиш учун онлайн ариза топшириш мумкин.

Мазкур электрон хизмат орқали аризачилар давлат органларига мурожаат қилмасдан, исталган жойдан ва қулай вақтда ариза юборишлари мумкин. Аризаларни қабул қилиш, кўриб чиқиш ҳамда натижалар ҳақида хабардор қилиш жараёни электрон шаклда амалга оширилади. Бу эса хизмат кўрсатиш жараёнининг шаффофлиги, тезкорлиги ва қулайлигини таъминлайди.

Янги хизмат маданият марказлари фаолиятини янада ривожлантириш, аҳолининг, айниқса, ёшларнинг маданий ҳаётдаги иштирокини кенгайтириш, уларнинг ижодий қобилиятларини рўёбга чиқариш ҳамда ҳудудларда янги тўгарак ва бадиий ҳаваскорлик жамоаларини ташкил этиш бўйича ташаббусларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.