Россия мамлакат ҳудудига кириши тақиқланган Европа Иттифоқи фуқаролари рўйхатини кенгайтирди

Москва Россия ҳудудига кириши тақиқланган Европа Иттифоқи фуқаролари “қора рўйхати”ни кенгайтирмоқда. Ушбу қарор Брюссел томонидан амалга оширилаётган ҳаракатлар сабабли қабул қилинди. Бу ҳақда 23 сентябрь куни Россия Федерацияси ТИВ расмий вакили Мария Захарова хабар берди.

“Сўнгги вақтларда Европа Иттифоқи мамлакатимиз ва Россия фуқароларига нисбатан бир қатор ноўрин ҳаракатлар амалга оширди. Европа Иттифоқи амалдаги халқаро меъёрларни четлаб ўтиб, баъазан мутлақо бемаъни баҳоналар билан ўзининг санкцияларини кенгайтиришда давом этмоқда. ЕИни бир неча бор бу ҳаракатларнинг салбий оқибатлари ҳақида огоҳлантирдик. Бироқ ЕИ бизнинг фактларга асосланган профессионал музокаралар ўтказиш таклифимизни рад этиб, илгаригидек санкциялар тилини танламоқда”, деди Захарова брифингда.

“ЕИнинг ҳаракатларига жавобан Россия томон иттифоққа аъзо давлатлар ва институтларнинг Россия Федерацияси ҳудудига киришини тақиқловчи рўйхатни кенгайтириш қарорини қабул қилди. Россия рўйхатига киритилган шахслар сони ЕИ рўйхатида мавжуд рақамларга тенглаштирилди”, қўшимча қилди у.