Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанд давлат тиббиёт университетида хорижий тилларни ўрганишга бағишланган халқаро анжуман бўлиб ўтди

Самарқанд давлат тиббиёт университетида “Тиббиёт олий ўқув юртларида хорижий тилларни ўрганишда мотивацияни шакллантириш” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Халқаро анжуманда Россия Федерациясининг бир қатор тиббиёт университетлари, Тожикистон давлат тиббиёт университети, Тошкент давлат стоматология институти, Тошкент давлат жаҳон тиллари университети, Самарқанд давлат чет тиллар институти ва бошқа олий ўқув юртларининг етакчи педагог ва тилшунос олимлари иштирок этди.
Халқаро анжуманнинг очилиш маросимида Самарқанд давлат тиббиёт университети ректори Жасур Ризаев, Самарқанд давлат чет тиллар институти ректори Илҳом Тўхтасиновлар сўзга чиқиб, халқаро конференция республикада хорижий тилларни ўрганишнинг долзарблиги нуқтаи назаридан муҳимлигини ва бу борада илғор халқаро тажрибадан фойдаланиш заруриятини таъкидлади.
Ялпи мажлисдан сўнг халқаро илмий форумнинг асосий иши “Тиббиёт университетида чет тили: ўқитишнинг оптимал моделлари”, “Рус ва ўзбек тилларини ўқитишга инновацион ёндашув ва тилларни ўқитиш стратегиясини такомиллаштириш” каби мавзуларда алоҳида шўбаларида давом эттирилди. Шўба ишида республика ва хорижий 14 та олий ўқув юртлари вакилларининг педагогика ва тилшунослик йўналишлари бўйича 40 дан ортиқ маърузалари тингланди.
Шунингдек, конференция олдидан форум иштирокчиларининг 127 та маърузасини ўз ичига олган илмий мақолалар тўплами нашр этилди.
Халқаро илмий анжуманда тиббиёт олий ўқув юртларида лотин тили ва тиббиёт терминологияси, чет тилларини ўрганишда мотивацияни шакллантириш, шунингдек, умумий тилшунослик, классик филологик анъана ва уни ўрганиш муаммоларига ёндашувлар каби долзарб мавзуларга доир чиқишлар иштирокчиларнинг катта қизиқишларини уйғотди. Маърузалар қизғин муҳокама ва фикр алмашуви билан кечди.
Одилбек Аҳмедов.