Самарқанд шаҳрида замонавий IT-парк ва ёшлар технопарки қурилади
“Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегиясида Ўзбекистонни Марказий Осиёдаги IT хабга айлантириш асосий вазифалардан бири сифатида белгиланган. Шу асосда вилоятда рақамли технологиялар соҳасини ривожлантириш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Вилоят Матбуот уйида Рақамли технологиялар вазирлиги вилоят ҳудудий шуъбаси бошлиғи Дилмурод Хўжамбердиев ва соҳа мутасаддилари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида бу ҳақда батафсил маълумот берилди.
Таъкидланишича, вилоятда алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари ҳажми шу йил якунида 2700 миллиард сўмга, IT-Park резидентлари томонидан кўрсатилган экспорт хизматлари ҳажми 18 миллион долларга етиши кутилмоқда. Бу эса сўнгги уч йилда соҳада кўрсатилган хизматлар икки баравардан зиёдга ортишини кўрсатади.
– Соҳада солиқ ва молиявий имтиёзлар берилиши натижасида IT-Park резидентлари 2030 йилгача фойда солиғи, қўшилган қиймат солиғи ва ижтимоий солиқлардан озод этилган, – дейди Д.Хўжамбердиев. – Шунингдек, “Ягона дарча” тизими орқали лицензиялаш ва резидентлик олиш осонлаштирилган. Кадрлар тайёрлаш бўйича “Бир миллион дастурчи” онлайн IT таълим платформаси жорий этилган бўлиб, “IT Academy”, “Astrum IT Academy”, IT Park академиялари, “21-school”, Муҳаммад ал-Хоразмий ворислари, ҳудудларда IT-шаҳарчалар ҳамда “Беш миллион сунъий интеллект етакчилари” лойиҳалари ишга туширилган ва ҳар йили 100 мингга яқин ёшлар IT соҳасида бепул ўқитилмоқда. Экспорт ва халқаро бозорга чиқиш имкониятларини ошириш ҳамда хорижий буюртмаларни жалб этиш учун Германия, АҚШ, Корея, Саудия Арабистони, Япония ва Хитой давлатларида IT-Park вакилликлари ташкил этилган.
Матбуот анжуманида келгуси йилларда соҳани ривожлантириш бўйича амалга ошириладиган ишлар ҳақида ҳам маълумот берилди. Қайд этилишича, келгуси йилларда вилоятнинг барча аҳоли яшаш масканлари тўлиқ мобил алоқа ва интернет билан таъминланиб, олис ҳудудларда йўлдош алоқа технологиялари жорий этилади.
Шунингдек, 2030 йилга қадар 300 минг нафардан зиёд аҳоли ва ёшлар сунъий интеллект, рақамлаштириш, дастурлаш ва бошқа йўналишларда ўқитилади. ТАТУ Самарқанд филиалида сунъий интеллект бўйича ўқув лаборатория ташкил этилиб, Самарқанд шаҳрида иккита замонавий IT-Park қурилиши режалаштирилган.
– Ҳозирда Самарқанд шаҳридаги School-21 рақамли технологиялар мактаби ҳудудидан ер майдони ажратилган бўлиб, 2026 йилда IT-Park қурилиши бошланади, – дейди Д.Хўжамбердиев. – Қорасув массивида ажратилган 80 сотих ер майдонида эса Ёшлар ишлари агентлиги билан ҳамкорликда ёшлар технопарки қуриш бўйича келишувга эришилган. Шу билан бирга, 2026 йилда Муҳаммад ал-Хоразмий ворислари лойиҳасини ишга тушириш ва 2030 йилга қадар 25 минг нафардан зиёд ёшларни бепул ахборот технологиялари ва хорижий тилларга ўқитишни мақсад қилганмиз.
Ф.Рўзибоев.