Иштихон ва Булунғур қулай яшаш ва тадбиркорлик учун янги имкониятлар ҳудуди

Аҳоли ва ишбилармонлар бу имкониятлардан қандай фойдаланяпти?

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Елена Комполшик Иштихон ва Булунғур туманларида бажарилаётган ишлар юзасидан ўрганиш олиб борди.

Мутахассислар билан биргаликда ўтказилган ўрганиш жараёнида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 8 октябрда қабул қилинган “Алоҳида туман (шаҳар) ва маҳаллаларни аҳолининг яшаши ҳамда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун намунали ҳудудга айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси таҳлил қилинди.

Мазкур қарор доирасида ҳудудларда аҳоли учун қулай яшаш муҳитини яратиш, муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини яхшилаш, тадбиркорликни ривожлантириш, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳамда замонавий хизматлар кўрсатишни йўлга қўйиш каби устувор йўналишлар белгилангани алоҳида таъкидланди.

Ўрганишлар давомида Иштихондаги “Янги Ўзбекистон қиёфасидаги туман ва маҳалла” концепцияси асосида ҳудудни комплекс ривожлантириш дастурининг ишлаб чиқилгани, саноат ва хизмат кўрсатиш соҳаларида янги сармоя лойиҳаларининг амалга оширилаётгани, қишлоқ хўжалигида қўшимча қиймат занжирини яратишга қаратилган тизимли ишлар олиб борилаётгани эътироф этилди.

Шунингдек, Е.Комполшик Булунғур тумани ҳокимлиги вакиллари билан бирга “Зарафшон” ва "Килдон" маҳалла фуқаролар йиғинларида ҳам бўлди.

Ўрганишлар давомида ушбу маҳаллаларда инфратузилма ҳолати, аҳолининг кундалик эҳтиёжлари ҳамда хавфсиз ва қулай яшаш муҳитини яратишга қаратилган ишлар кўздан кечирилди.

Ўрганишлар натижасига кўра, “Зарафшон” маҳалласига дастур доирасида ажратилган маблағлар асосан ичимлик суви таъминотини яхшилаш, электр тармоқларидан ўтган эскирган симёғочларни алмаштириш, шунингдек йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш мақсадида пиёдалар ўтиш жойларига зебра чизиқларини чизиш ишларига йўналтирилиши белгиланди.

Учрашувлар якунида депутат томонидан дастур ижросини самарали ташкил этиш, ажратилган маблағлардан мақсадли ва оқилона фойдаланиш ҳамда белгиланган вазифаларни ўз вақтида бажариш юзасидан тегишли тавсия ва кўрсатмалар берилди.

“Адолат” СДП вилоят кенгаши матбуот хизмати.