Самарқанд халқаро аэропортида пневматик қурол ушлаб қолинди
Самарқанд халқаро аэропортига “Домодедово-Самарқанд” йўналишидаги авиарейс билан учиб келган шахс “яшил” йўлак орқали ҳаракатланиб, божхона назоратидан ўтаётганида ходимлар томонидан тўхтатилиб, йўловчининг багаж ва қўл юклари кўздан кечирилган.
Натижада, йўловчи божхона декларациясида ёзиб кўрсатилмаган ва оғзаки сўровда маълум қилинмаган ҳамда тегишли ҳужжатлари бўлмаган қиймати 3,1 миллион сўмлик 1 дона “МР-512” русумли, 4,5 мм калибрли пневматик қурол ва унга тегишли 550 дона қўрғошин ўқлари ва ҳамда 1 дона “Borner” номли “оптический прицел” борлиги аниқланган. Бу ҳақда вилоят божхона бошқармаси ахборот хизмати хабар бермоқада.
Ҳолат юзасидан процессуал ҳужжатлар расмийлаштирилиб, пневматик қурол ва унга тегишли қўрғошин ўқлар вақтинчалик сақловга олинган. Шунингдек ҳолат бўйича божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Маълумот учун: Пневматик қуролни ички ишлар органларининг тегишли рухсатномаларисиз олиш, сақлаш, олиб юриш, ташиш, фойдаланиш, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш ёки олиб чиқиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали транзит олиб ўтиш – қуролни мусодара қилиб, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн беш бараваридан ўттиз бараваригача, мансабдор шахсларга эса – йигирма беш бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.