Самарқандда тайёрланган маҳсулотлар дунёнинг 65 давлатига сотилди

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар дунёнинг 80 дан ортиқ давлатига экспорт қилинмоқда ва экспорт географияси кенгайишда давом этмоқда. Вилоятимиздан экспорт қилинган маҳсулотлар эса 2024 йилги кўрсаткичлар бўйича дунёнинг 65 давлатига сотилди. Ўтган йилнинг ўзида 13 та янги бозор ўзлаштирилди.

Рақамларга қарайдиган бўлсак, 2024 йилда вилоятимиздан 716,2 миллион долларлик (499,5 миллион доллар саноат маҳсулотлари ва 216,7 миллион доллар қишлоқ хўжалиги) маҳсулотлар экспортга чиқарилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 127 фоизга ёки 153,8 миллион долларга кўп экспорт қилинди. Йил давомида 589 та корхона томонидан жами 720 турдаги маҳсулотлар экспорти амалга оширилди. Маҳсулотларнинг асосий турлари бўйича оладиган бўлсак, мева-сабзавот маҳсулотлари - 216,9, металлар ва улардан тайёрланган буюмлар - 161,5, тўқимачилик маҳсулотлари - 121,5, озиқ-овқат маҳсулотлари - 116,1 ва бошқа турдаги маҳсулотлар экспорти - 100,2 миллион долларни ташкил этди.

Шунингдек, Таиланд, Кения, Канада ва илк бор Барбадос каби янги бозорлар ўзлаштирилиб, экспорт географияси янада кенгайтирилди. Жумладан, экспорт ҳажми асосий ҳамкор давлатлардан Россия - 266,5, Хитой - 121,4, Туркия - 53,5,  Тожикистон - 51,1, Қозоғистон - 42,8 ҳамда бошқа давлатларга - 180 миллион долларни ташкил этди.

Экспорт фаолиятига янгидан 180 та корхона жалб қилиниб, улар томонидан 67,1 миллион долларлик маҳсулотлар Хитой, Туркия, Қозоғистон, АҚШ, Россия ва бошқа давлатларга экспорт қилинди. 15 га яқин янги турдаги маҳсулотлар экспортга чиқарилиб, уларнинг ҳажми қарийб 30,1 миллион долларни ташкил этди. Жумладан, Хитой давлатига парранда оёқчалари экспорти йўлга қўйилиб, бугунги кунга қадар 26,2 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинди. Америка Қўшма Штатларига 20 минг долларлик тиббиёт маҳсулотлари (антибиотиклар) ва косметика  маҳсулотлари етказиб берилди.

Хитой Халқ Республикасига экспорт ҳажмларини янада ошириш мақсадида ушбу давлатнинг божхона махсус хизмати рўйхатига 22 та экспортчи корхоналар киритилишида амалий ёрдам кўрсатилиб, улар томонидан бугунги кунга қадар 11,8 миллион долларлик маҳсулотлар экспорти амалга оширилишига эришилди.

2025 йилда вилоятимизда саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт ҳажмини 850 миллион долларга етказиш вазифа қўйилган. Бунинг учун жорий йилда вилоятдаги корхоналар билан манзилли ишлар ташкил қилиниб, 100 дан ортиқ янги корхоналар экспорт фаолиятига жалб қилиниши натижасида 10 тадан ортиқ янги турдаги маҳсулотлар экспорти йўлга қўйилади. Жумладан, қисқичбақа, кондиционер, сантехника фитинглари, саноатда фойдаланиладиган туз маҳсулотлари, мис кабеллари, консерваланган тайёр таомлар ҳамда ўсимликларни кимёвий ҳимоялаш воситалари экспортга чиқарилиб, уларнинг ҳажми 20 миллион долларга етказилади.

Юсуф Норимов,

вилоят инвестициялар, саноат ва савдо бошқармаси бошлиғи ўринбосари.