Самарқандда велопойгачилар парапланда ҳам учишди

Самарқандда давом этаётган “Ёшлар сайёҳлик фестивали” доирасидан ўрин олган навбатдаги мусобақа бугун Афросиёб тепаликлари ҳудудида бўлиб ўтди.

Унда тоғ велоспорти бўйича республиканинг 8 дан ортиқ ҳудудларидан 100 га яқин вакиллар иштирок этди.

Мусобақалар турли босқичларда, жумладан, “downhill”, “uphill” каби турларда ташкил этилди. Мусобақа ўтказилаётган ҳудуд спортчиларга гўзал манзаралар билан ўзгача завқ бахш этди. Иштирокчилар ҳаракатланадиган йўл жуда мураккаб бўлиб, турли паст-баландликлардан иборат.

Мусобақанинг мақсади спорт туризми, тоғ йўналиши ва велоспортини кенг ривожлантириш орқали соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, шунингдек, ички туризм шароитида ёшларнинг сайёҳлик фаоллигини оширишдан иборат.

Мазкур тадбирнинг ўзгача жиҳати парапланда учиш бўлди.

Эслатиб ўтамиз, фестивал доирасидаги тадбирлар 1-2-3 апрель кунлари Самарқанд туманидаги “Оқ бўйра” туристик марказида бўлиб ўтади.

Самарқанд вилояти туризмни ривожлантириш департаменти ахборот хизмати.