Самарқанддаги билимни баҳолаш марказининг аккредитацияси бекор қилинди

Ижтимоий тармоқлар ва интернет сайтларда кенг муҳокама этилган Cамарқанддаги билимни баҳолаш марказида Кореяга ишга юбориш учун синовлардаги қоидабузарликлар ҳақидаги фикрларга ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Самарқанд вилояти филиали (директор Азизбек Ҳафизов) муносабат билдирди. Унда қайд этилишича, 2019 йил 1 июндан бошлаб Корея Республикасига ишга бориш истагини билдирган фуқаролардан корейс тилини билиш даражасини белгилаш бўйича амалдаги тартибга ўзгартиришлар киритилиб, тадбиркорлик субъектларига корейс тили бўйича саралаш тест босқичини ўтказиш ҳуқуқи берилди. Ушбу ҳуқуқдан фойдаланиш учун тадбиркорлик субъектлари “Билимни баҳолаш марказ”лари сифатида аккредитациядан ўтиши лозим ва Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан келишув имзолаши керак бўлади.

Самарқанд вилоятида қуйидаги “Билимни баҳолаш марказ”лари рўйхатга олинган эди:

- “Сenter for assessment of knowledge” МЧЖ (Самарқанд тумани, Гулобод ижтимоий-иқтисодий коллежи);

- “Chet tillarini baholash test markaz” МЧЖ  (Самарқанд шаҳар, Амир Темур кўчаси, 166-уй);

- “Koreya test markazi” ХК (Самарқанд шаҳар, Буюк Ипак Йўли кўчаси, 58-А-уй);

Самарқанд туманида жойлашган “Сenter for assessment of knowledge” МЧЖ билимни баҳолаш маркази томонидан Корейс тили бўйича EPS-TOPIK имтиҳонига кириш учун саралаш тест синовлари жараёнида йўл қўйилаётган камчиликлар фуқароларнинг кўплаб эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Хусусан, баҳолаш маркази томонидан тест давомида қоидабузарликлар содир этилиб, адолатсизликка йўл қўйилаётганлиги ҳақида 50 нафарга яқин фуқародан шикоятлар келиб тушган.

Мазкур мурожаатларни ўрганиш натижасида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги “Сenter for assessment of knowledge” билимни баҳолаш марказида қоида бузилганлиги ва қуйидаги қўпол хатоликларга йўл қўйилганлиги аниқланди:

1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 сентябрдаги 725-сонли қарори билан тасдиқланган “Хорижга меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун кетаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг касбий малакасини тасдиқлаш фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахсларни аккредитациядан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 3, 4, 5-бобида келтирилган асосий талаблар бузилган.

2. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва “Сenter for assessment of knowledge” билимни баҳолаш маркази ўртасида 2019 йил 1 июнь куни имзоланган келишувнинг 3.3 ва 4-банди талабларига риоя этилмаган.

Аниқланган ушбу ҳолатлар ва “Сenter for assessment of knowledge” билимни баҳолаш маркази томонидан Низом қоидаларининг қўпол равишда бузилганлиги учун Низомнинг 42 ва 43-бандлари, шунингдек, келишувнинг 5.3 ва 5.4-бандларига мувофиқ “Сenter for assessment of knowledge” МЧЖ аккредитацияси ҳамда вазирлик билан келишуви бекор қилинди.

Низомнинг 51-бандига ва келишувнинг 5.3-бандига асосан марказ томонидан тақдим этилган номзодлар динамик рўйхатдан чиқарилди.

Янгиланган динамик рейтинг рўйхатини қуйидаги манзил бўйича кўриш мумкин:

  Ҳозирги кунда Самарқанд шаҳрида "Chet tillarini baholash test markaz” ва "Koreya test markazi” билимни баҳолаш марказлари ўз фаолиятини давом эттирмоқда.