Самарқанддаги Олий спорт маҳорати институти фаолиятини бошламасдан тугатилган

Президентнинг 2022 йил 6 июндаги “Олий спорт маҳорати институти фаолиятини ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, жисмоний тарбия ва спорт соҳасида юқори малакали кадрларни тайёрлаш мақсадида Самарқандда Олий спорт маҳорати институти ташкил этилиши керак эди.

Самарқанд шаҳридаги Ибн Сино кўчаси, 17а-уй манзилида жойлашган мазкур  институтда ўқиш давомийлиги 3 йил бўлиб, 2023-2024 ўқув йилида бокс, дзюдо, енгил атлетика, оғир атлетика, эркин кураш, юнон-рум кураши, таэквондо WТ, сузиш, академик эшкак эшиш, байдарка ва каноэда эшкак эшиш, гандбол, баскетбол ва паралимпия спорт турлари бўйича юқори натижаларга эришиб келаётган спортчилар қабул қилиниши белгиланган эди.

Бироқ Президентнинг 2024 йил 28 майдаги «Ўзбекистон давлат спорт академияси фаолиятини ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига кўра, Олий спорт маҳорати институтини ташкил этиш қарори бекор қилинган ва айни пайтда ўз кучини йўқотган.

Мазкур қарорга кўра, Олий спорт маҳорати институти негизида Ўзбекистон давлат спорт академияси ташкил этилади ва академия 2025-2026 ўқув йилидан фаолият бошлайди.

Академияга талабаларни қабул қилиш параметрлари Республика олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси доирасида белгиланади.

Академия талабаларининг контингенти, биринчи навбатда, олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказларида ривожлантирилаётган спорт турлари бўйича сўнгги бир йилда Жаҳон, Осиё ва Ўзбекистон чемпионатларида ғолиб ва совриндор бўлган олимпия ва паралимпия коллежлари, шунингдек, умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларининг битирувчилари орасидан уларнинг спорт натижаларига қараб, саралаш (селекция) асосида шакллантирилади.

Бунда, Олимпия ва паралимпия коллежларидан саралаб олинган битирувчилар Академияга тўғридан-тўғри иккинчи босқичга қабул қилинади.

Академия битирувчиларига Ўзбекистонда олий таълим тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинадиган давлат намунасидаги диплом берилади.

Академия талабалари спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг календарь режасига мувофиқ ўтказиладиган республика мусобақаларида тўғридан-тўғри иштирок этади.

Академия битирувчиларига тренерлик фаолияти билан шуғулланиш учун малака сертификати, истисно тариқасида, тўғридан-тўғри 6 йилга берилади.