Самарқандга 11 ойда 8,5 миллондан зиёд сайёҳ келди

Келгуси йил туризм соҳасида янги лойиҳалар ишга туширилади

Шу йилнинг ўтган даврида вилоятга 3 миллион нафар хорижий, 5,3 миллион нафар маҳаллий сайёҳ келди. Сайёҳларнинг қолиш кунлари 2,5 кундан 3 кунга, туризм хизматлари экспорти 606 миллион долларга етказилди.

Йил бошидан буён 3789 ўринли 228 та меҳмонхона, хостел ва оилавий меҳмон уйлари ташкил этилиб, Самарқанднинг туристик бренди ва дизайн коди ишлаб чиқилди, 50 дан зиёд маданий кўнгилочар тадбир ва фестиваллар ўтказилди. Туризм салоҳияти юқори бўлган Ургутдаги Терсак ва Омонқўтон, Нуробод туманидаги Оқсой маҳаллаларига туризм қишлоғи мақоми берилди.

Вилоятимизнинг туризм салоҳиятини кенг тарғиб этиш мақсадида туризм соҳаси вакиллари томонидан дунёнинг ўндан зиёд давлатида туризм тарғибот тадбирлари ўтказилди. Шунингдек, 20 га яқин давлатнинг нуфузли ОАВ вакиллари ҳамда йирик туризм компаниялари ходимлари учун вилоят бўйлаб инфо-турлар ташкил этилди ва 600 миллион аудитория қамраб олинди.

Вилоятда туризм соҳасини ривожлантириш мақсадида ишлаб чиқилган мастер-режа асосида келгуси йил Ургутнинг Омонқўтон ва Қоратепа маҳаллаларида 80 гектар майдонда йирик туризм лойиҳалари амалга оширилади.

Жумладан, Қоратепа сув омбори ва тоғ ёнбағирларида кемпинг ва капсула “Eco village” шаҳарчалари, Омонқўтон маҳалласида хизмат кўрсатиш нуқталари ва “Омонқўтон” миллий қўриқхонасининг рекреацион зонасида сайёҳлар учун кузатув майдони ва йўлаклар ташкил этилади.

Туманнинг Чорчинор маҳалласини туризм қишлоғига айлантириш режалаштирилган бўлиб, 25 миллион долларлик инвестиция маблағи ҳисобига замонавий овқатланиш масканлари, канат йўли, экоуйлар, ўтовлар, меҳмонхона, сервис ва савдо объектлари фаолияти йўлга қўйилади ва натижада 300 дан ортиқ иш ўрни яратилади.

Бундан ташқари, вилоятда тунги вақтда 24/7 режимидаги туризм кўчалари ташкил этилиб, бешта маҳаллага туризм қишлоғи мақоми берилади ва Ургут, Нуробод, Самарқанд туманлари ҳамда Каттақўрғон сув омбори ҳудудлари бирлашган ҳолда туризм зонаси дирекцияси ташкил этилади. Шунингдек, Ургут, Тойлоқ, Самарқанд, Паст Дарғом туманлари Дарғом канали соҳили ҳудудларида тадбиркорлар рекреацион масканлар ташкил қилади.

Булунғур туманида 25 гектар майдонда дам олиш масканларини ташкил қилиш бўйича бўш турган ер майдонлари аукционга чиқарилмоқда. Ушбу ҳудудда эса экотуризм, рекреацион, гастрономик, маданий кўнгилочар хизматлар, ресторанлар, тематик парк ва “эко қишлоқ” лойиҳаларини амалга ошириш кўзда тутилган.

Жўрабек Суюнов,

вилоят туризм бошқармаси бошлиғи ўринбосари.