Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Сенат: Шахсни қадрсизлантирувчи ҳар қандай маълумотни тарқатиш қонунга зид

Ижтимоий тармоқларда Olmazor city’да жойлашган кўп қаватли уйларнинг бирида шахси номаълум аёл ва эркак ишқий муносабати акс этган номақбул видео тарқалди. Орадан бир неча кун ўтгач, ушбу видео қайта монтаж қилиниб, унга “QALAMPIR.UZ” сайти журналистининг суратлари жойлаштирилиб, беҳаё видеодаги қаҳрамон аёл таҳририят журналисти экани ҳақида ёлғон маълумот тарқатилди.

Мазкур ҳолатга нисбатан Qalampir.uz сайти расмий муносабат билдириб, унда ушбу вазиятнинг сайт журналистига мутлақо алоқаси йўқлиги баён этилди.

Ўз навбатида, ушбу ҳолат оммавий ахборот воситалари ходимлари фаолиятига, шу билан бирга жамиятда фаол, ахборот маконида ўз ўрнига эга журналист бўлган хотин-қизларимизнинг шаъни, қадр-қимматига салбий таъсир этувчи ҳаракат ва улар фаолиятига таҳдид сифатида баҳоланиб, ҳолат адолатли ўрганилиши Олий Мажлис Сенатининг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари ҳамда Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмиталари томонидан назоратга олинди.

Ўрганиш натижалари юзасидан батафсил ахборот берилади.


Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ахборот хизмати.