Шукр қилишда барака бор

Шукроналик ҳақида гап кетса, Жалолиддин Румийнинг бир гапи эсимга тушди: "Шукр қилмоқ - неъматлар сийнасини соғмоқликдир".

Ҳақиқатан ҳам шундай. Ҳеч кузатганмисиз: Шукр қиладиган инсонларнинг рўзғорига доим барака ёғилади. Ношукрларнинг эса тилла балиқдан тиланиб олган тоғораси ҳам тешик бўлиб чиқади.

Рост, шукрда, шукроналикда гап кўп. Мен ҳам хизмат вазифам юзасидан доим эл орасида юраман. Юртдошларимизнинг шукроналик сўзларини кўп эшитаман. Нафақат шукроналик сўзларини айтган одамларнинг, балки шу эзгу дуоларни эшитганларнинг ҳам иши юришади, омади чопади, бахти бутун ва рўзғори баракотли бўлади.

Айтмоқчиманки, орамизда баъзи кимсалар юртимиздаги тинчлик, хотиржамликдан нолиб, бошқа мамлакатлардаги турмушни орзу қилади. Чет элда яшайдиган шундай кишиларни биламан: давлати ўзидан ортарли даражада, аммо ҳаловати йўқ. Чунки атрофда уруш. Ана энди айтинг, унинг қанча мулки, уй-жой, бойлиги бўлсин, бундай беҳаловат жойда унга татийдими? Ахир, бир бурда нонни ҳаловат, беминнат ейишнинг қадри қанчалар улуғ. Буни тўғри тушунайлик, англайлик. Шукр, бир бурда нон еб юрган жойимиз эмас. Ҳаммамизда уй-жой, қўй-қўзи, қорамол, 10-15 сотих томорқа, гаражимизда машина бор. Фарзандларимиз ўқиш-иш билан овора, ҳамма жойда осойишталик. Бундан фақат шукр қилайлик!

Баҳриддин Сатторов,

меҳнат фахрийси.