Соғлиқ - инсон қадрининг энг бебаҳо неъмати
Инсон учун энг катта бойлик - унинг ҳаёти ва саломатлигидир. Шунинг учун инсон қадри ҳақида сўз юритар эканмиз, аввало, унинг соғлом ва муносиб ҳаёт кечириш ҳуқуқи ҳақида ўйлашимиз керак.
Миллий қадриятларимизда саломатлик доимо улуғ неъмат сифатида эъзозланган. «Соғлик - туман бойлик» деган халқ ҳикмати бежиз пайдо бўлмаган. Оилада фарзанд саломатлиги, онанинг хотиржамлиги, кексаларнинг дуоси ва жамият тинчлиги - халқимиз тасаввурида фаровон ҳаётнинг асосий белгиларидир. Аждодларимиз ҳам инсон саломатлигини илм ва тажриба билан боғлаб келганлар. Абу Али ибн Синонинг тиббиёт соҳасидаги бебаҳо мероси инсон ҳаётини асраш, касалликнинг олдини олиш ва соғлом турмуш тарзининг аҳамиятига берилган юксак эътиборнинг ёрқин намунасидир. Соғлиқнинг фалсафий моҳияти эса шундаки, соғлом инсон - ўз қадрини рўёбга чиқара оладиган инсон. У меҳнат қилади, билим олади, оиласи ва жамияти учун фойда келтиради, орзу ва мақсадларини амалга оширади. Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 48-моддасида “Ҳар ким соғлиғини сақлаш ва малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга. Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмини қонунда белгиланган тартибда давлат ҳисобидан олишга ҳақли. Давлат соғлиқни сақлаш тизимини, унинг давлат ва нодавлат шаклларини, тиббий суғуртанинг ҳар хил турларини ривожлантириш, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш чораларини кўради. Давлат жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш учун шарт-шароитлар яратади” деб мустаҳкамлаб қўйилган.
Инсон ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш ижтимоий давлатнинг энг муҳим вазифаларидан биридир. Фуқароларнинг соғлиқни сақлаш ва малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқининг кафолатланиши инсон қадрини таъминлашнинг муҳим ҳуқуқий асосларидан ҳисобланади. Айни маънода, инсон қадрини юксалтириш - унинг умрини узайтириш, соғлом яшаши ва ўз салоҳиятини тўлиқ намоён этиши учун шароит яратишдан ҳам бошланади. Шу боис, соғлом инсон - кучли оила, соғлом жамият ва барқарор ижтимоий давлат пойдеворидир. Инсон саломатлигини асраш эса инсон қадрини асраш демакдир.
Президент нутқида тиббиёт соҳасидаги ўзгаришлар, янги тиббий муассасалар, замонавий даволаш усуллари, аҳолининг умр кўриш давомийлиги ошгани каби натижалар келтирилади. Инсон қадри ҳақида сўз юритганда, аҳолимизнинг соғлиғи масаласига алоҳида эътибор қаратишимиз табиий. Сўнгги йилларда ушбу соҳага ажратилаётган маблағни 8 каррадан зиёд оширдик. Энг муҳими, сифатли тиббий хизмат олиш имконияти нафақат марказда, балки ҳудудларда ҳам яратилди. Ўтган даврда юртимизда 652 та янги тиббиёт муассасаси барпо этилгани, хусусий секторга кенг имконият берилгани туфайли тиббий хизматлар ҳажми 3 карра ошди. Юқори малакали шифокорлар тайёрлашни йўлга қўйиб, уларга шароит яратганимиз ўз натижасини беряпти. Илгари хорижда амалга оширилган 100 дан зиёд мураккаб диагностика ва даволаш усуллари бугун юртимизда ҳам мукаммал бажарилмоқда. Умуман, аҳолининг ўртача умр кўриш давомийлиги 1991 йилдаги 66,4 ёшдан 2025 йилда 75,4 ёшга етгани, гўдаклар ва оналар ўлими кўрсаткичи 4 баробар камайгани соҳадаги ислоҳотларимизнинг энг муҳим натижасидир. Шу мақсадда аҳоли саломатлиги билан боғлиқ давлат харажатларини келгуси беш йилда ялпи ички маҳсулотга нисбатан 5 фоизга етказамиз. Биз тиббиётда профилактикани кучайтириш орқали саломатликни асраш моделига ўтамиз. Давлат тиббий суғуртаси мамлакатнинг барча хонадонларига кириб боради. Ихтисослашган тиббиётда рақобат муҳитини кучайтириш мақсадида дунёнинг энг нуфузли камида 5 та клиникасини олиб келамиз. Юртимизни замонавий тиббиёт, фармацевтика, биотехнологиялар ва тиббий таълим тараққий этган масканга айлантирамиз. Бу таҳлил ва рақамлар саломатликни асраш ижтимоий давлатнинг устивор вазифасига айланганидан далолат беради.
Рақамли ва креатив иқтисодиётнинг энг катта омили - инсоннинг фаровонлиги
Рақамли ва креатив иқтисодиётнинг энг катта омили ҳам, энг олий мақсади ҳам - инсоннинг фаровон ҳаётидир. Чунки иқтисодиётни инсон яратади. У меҳнат қилади, билим олади, тадбиркорлик қилади, янги ғояларни илгари суради ва жамият бойлигига ҳисса қўшади. Шунинг учун иқтисодий тараққиётни инсондан айро ҳолда тасаввур қилиб бўлмайди. Миллий қадриятларимизда тўкинлик, барака, ҳалол меҳнат, оила тинчлиги, қўни-қўшничилик, эл-юрт осойишталиги халқимиз учун фаровон ҳаётнинг ажралмас қисмлари бўлган. «Меҳнат қилган - роҳат кўрар», каби ҳикмат замирида ҳам инсон фаровонлигининг манбаи аввало меҳнат, ҳалоллик ва яратувчанлик экани мужассам. Шу нуқтаи назардан, фаровонлик - фақат юқори даромад эмас. У инсоннинг муносиб меҳнат қилиши, ўз қобилиятини рўёбга чиқариши, мулкка эга бўлиши, тадбиркорлик қилиши, сифатли таълим ва тиббий хизматдан фойдаланиши, ижтимоий ҳимояга эга бўлиши ҳамда келажагига ишонч билан қараши учун яратилган имкониятлар мажмуидир. Ижтимоий давлатнинг иқтисодий сиёсати инсоннинг муносиб ҳаёт кечириши учун зарур шароитларни яратишга хизмат қилмоқда. Мулк ҳуқуқи, меҳнат қилиш ва муносиб меҳнат шароитларига эга бўлиш, эркин тадбиркорлик ва ижтимоий ҳимоя каби ҳуқуқ ва кафолатлар ана шу мақсаднинг ҳуқуқий асосларини ташкил этади. Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциянинг 41-моддасига мувофиқ, “Ҳар бир шахс мулкдор бўлишга ҳақли. Банк операцияларининг, омонатларнинг ва ҳисобварақларнинг сир тутилиши, шунингдек мерос ҳуқуқи қонун билан кафолатланади”. Шунингдек, унинг 42-моддасига кўра, “Ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш, хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган қулай меҳнат шароитларида ишлаш, меҳнати учун ҳеч қандай камситишларсиз ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг белгиланган энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда адолатли ҳақ олиш, шунингдек ишсизликдан қонунда белгиланган тартибда ҳимояланиш ҳуқуқига эга.Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори инсоннинг муносиб турмуш даражасини таъминлаш зарурати ҳисобга олинган ҳолда белгиланади. Ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш тақиқланади” деган норма ўз ифодасини топган.
Давлатимиз раҳбари Ш. Мирзиёев таъбири билан айтганда, катта сиёсий ирода кўрсатиб, Ўзбекистонни дунёга кенг очдик. Хусусан, чегара муаммолари ҳал қилинди, қўшниларимиз билан дўстлик ва ҳамкорлик мустаҳкамланди. Валюта, солиқ, божхона ва инвестиция сиёсатида туб ўзгаришлар амалга оширилди. Натижада “Иқтисодий эркинлик индекси”даги ўрнимизни 80 поғона яхшилаб, “иқтисодиёти мўътадил эркин” давлатлар қаторидан жой олдик. Илгари иқтисодиётимизга йилига 2-3 миллиард доллар хорижий инвестиция олиб келинган бўлса, ҳозирги пайтда 40-50 миллиард доллар чет эл сармояси жалб қилинмоқда. Юртимизга инвестициялар билан бирга илғор технологиялар, замонавий билим ва янги иқтисодий имкониятлар кириб келмоқда. Биз уч йил олдин 2030 йилда ялпи ички маҳсулот ҳажмини 160 миллиард долларга етказишни режа қилган эдик. Глобал логистикадаги узилишлар, дунёдаги нотинч вазиятга қарамасдан, бу вазифани шу йилнинг ўзида ортиғи билан амалга оширамиз ва даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторига кирамиз.
Табиатни асраш - инсонни қадрлашнинг олий мезони
Инсоннинг қулай атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқи ва табиатни асрашга оид давлат ҳамда фуқаролик масъулияти инсон қадри билан узвий боғлиқ. Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш - фақат экологларнинг ёки давлат идораларининг вазифаси эмас, ҳар бир инсоннинг бурчи ва умумий масъулиятидир. Экологияга ғамхўрлик қилиш - инсон саломатлигини ҳимоя қилишдир. Бу - инсон ҳуқуқи, инсон саломатлиги, авлодлар адолати ва инсон қадри масаласидир. Шундай экан, табиатни асраш - бугунги инсонни ҳам, эртанги инсонни ҳам бирдек қадрлашдир. Биз бугун қандай экологик муҳит яратсак, эртанги авлод шу муҳитда яшайди.Шу боис Президент нутқида сув, экология, яшил ҳудудлар ва “Яшил макон” ҳаракатига алоҳида урғу берилиши инсон қадри тушунчасининг замонавий мазмунини кўрсатади. Тоза ҳаво, тоза сув ва соғлом муҳит - инсоннинг муносиб ҳаёт кечириши учун зарур шартлар. Демак, табиатни асраш - фақат экологик вазифа эмас.Бу келажак авлоднинг қадрини ҳозирдан эъзозлашдир. Келгуси беш йилда экин майдонларида сув тежайдиган технологиялар қамровини 100 фоизга олиб чиқамиз. Бу – умуммиллий маррага айланади. Табиатга муносабат – халқнинг маданияти, давлатнинг масъулияти ва тараққиётнинг сифат кўрсаткичидир. Шунинг учун мамлакатимизда “Яшил макон” умуммиллий ҳаракатини янги сифат босқичига олиб чиқамиз. Мактаб, боғча, шифохона ва кўп қаватли уйлар атрофидаги яшил ҳудудлар жамиятнинг дахлсиз бойлиги сифатида муҳофаза қилинади. Яқин йилларда туман ва шаҳар марказларида яшиллик кўламини 30 фоизга етказамиз. Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 49-моддасида “Ҳар ким қулай атроф-муҳитга, унинг ҳолати тўғрисидаги ишончли ахборотга эга бўлиш ҳуқуқига эга. Давлат фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини таъминлаш ва атроф-муҳитга зарарли таъсир кўрсатилишига йўл қўймаслик мақсадида шаҳарсозлик фаолияти соҳасида жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратади. Шаҳарсозлик ҳужжатларининг лойиҳалари қонунда белгиланган тартибда жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилади. Давлат барқарор ривожланиш принципига мувофиқ, атроф-муҳитни яхшилаш, тиклаш ва муҳофаза қилиш, экологик мувозанатни сақлаш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади. Давлат Оролбўйи минтақасининг экологик тизимини муҳофаза қилиш ҳамда тиклаш, минтақани ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш юзасидан чоралар кўради” деб белгиланган. Шунингдек, мазкур Конституциянинг 62-моддасига мувофиқ, фуқаролар атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбурдирлар.
Биз бугун табиатга ғамхўрлик қилсак, эртага фарзандларимиз биздан миннатдор бўлади. Чунки биз уларга фақат уй-жой, мол-мулк ёки моддий бойлик эмас, яшашга муносиб, тоза ва соғлом дунёни мерос қолдирган бўламиз. Шундай экан, табиатни асрашни бировнинг вазифаси деб эмас, ўз фарзандимиз олдидаги инсоний бурчимиз деб билишимиз зарур. Зеро, келажак авлоднинг ҳаққи - бугунги авлоднинг масъулиятидир. Табиатни асраш эса ана шу масъулиятнинг энг олий ифодасидир.
Шуҳрат Рўзиназаров,
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди бўлим бошлиғи, юридик фанлари доктори, профессор.
(Давоми бор)