Уйида 1 тонна нос сақлаётган шахс қўлга олинди

Жорий йилнинг 23 апрель куни Навоий шаҳри Ҳумо маҳалласи ҳудудига бириктирилган Миллий гвардия ходими Умиджон Каримов ҳамда профилактика инспектори Умиджон Ҳазратовлар дезинфекция назорат тадбирларини амалга ошириш жараёнида қоидабузарликни аниқлаб, қонун бузилишига чек қўйди, деб хабар берди Навоий вилояти ИИБ ахборот хизмати.

Суриштирув натижаларига кўра, 1978 йил туғилган, миллати ўзбек, маълумоти ўрта-махсус, оилали, айни пайтда Самарқанд вилояти Нарпай тумани, Янгиқўрғон маҳалласида рўйхатда турувчи фуқаро В.У. Навоий шаҳри Ҳумо маҳалласи, 7-уйда ободонлаштириш ва санитария қоидаларини кескин тарзда бузиб, ноқонуний равишда 1 тонна нос тамаки маҳсулотини сақлаётганлиги аниқланди.

Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан Навоий шаҳар ИИБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом этмоқда.