Хориж воқеалари қисқа хабарларда: Россияда пневмония авж олмоқда
🔹 Сурияда исёнчилар сўнгги тўрт йилдаги энг йирик ҳужумни амалга оширди. Улар Алеппони эгаллаб, жанубга юришларини давом эттирган. Сурия армияси ўнлаб аскарлари ҳалок бўлганини, шунингдек, стратегик аҳамиятга эга ҳудудлар устидан назорат вақтинчалик йўқолганини эълон қилди. Айни пайтда Сурия қуролли кучлари ҳукуматга қарши кучларни сиқиб чиқариш учун Алеппо, Идлиб ва Хама вилоятларида олдинга силжимоқда.
🔹 "Украина қуролли кучлари йўқотилган ҳудудларни қайтаришга қодир эмас", деди Украина президенти Владимир Зеленский "Кёдо"га берган интервьюсида. Шунингдек, у Украинадаги уруш “оғир даврга” кирганини қўшимча қилди. Зеленский аввалроқ Украина можарони 1991 йилги чегараларига қайтгунича давом эттириши кераклигини таъкидлаган эди, бироқ сўнгги ҳафтада бунинг имкони йўқлиги айтилмоқда.
🔹 Германия канцлери Олаф Шольц музокаралар олиб бориш учун Киевга ташриф буюрди.
🔹 Япония Курил ороллари мақомини қайта кўриб чиқишни талаб қилмоқда. Япония бош вазири Шигеру Ишиба ўз мамлакатининг Курил занжирининг жанубий қисмидаги тўртта оролга ҳудудий даъволарини тасдиқлади. У Россия билан тинчлик шартномасини тузиш бўйича музокараларда ушбу ҳудудларга эгалик қилиш асосий масала бўлиб қолаётганини айтди.
🔹 Грузия ҳукумати айрим мухолиф партияларни конституцияга зид деб тан олиш ташаббуси билан Конституциявий судга мурожаат қилиш имкониятини кўрмоқда. Эслатиб ўтамиз, ҳукумат мухолифат партияларини конституциявий тузумни беқарорлаштириш ва бузишга қаратилган ҳаракатларда айбласа, мухолифат парламент сайловлари натижаларини қайта кўриб чиқиш зарурлигини таъкидлаб, ҳукуматни авторитар бошқарув усулларида айбламоқда.
🔹 Россияда пневмония билан касалланиш тўрт баравар ошди. Кўпинча болалар ва иммунитети заиф одамлар касалликдан азият чекишмоқда.
🔹 Қирғизистон банки ўз тарихидаги энг қиммат коллекция тангасини муомалага чиқарди. “Айкўл Манас” деб номланган танганинг олд томонида қордек оппоқ Олатоғ тоғлари фонида ўзининг жанговар оти Оқкула миниб чопаётган қаҳрамон Манас тасвирланган.
🔹 Арманистон парламентининг мухолиф депутатлари Боку билан тинчлик шартномаси имзоланишини талаб қилмоқда.
🔹 Сурия президенти Башар Асад мамлакатдаги сўнгги воқеалар фонида Туркия билан алоқа ўрнатишга ҳаракат қила бошлади. Сурия раҳбари икки воситачи орқали Туркия расмийларига музокаралар ўтказиш бўйича таклиф юборган.
🔹 Гвинеяда футбол ўйини вақтида юз берган оммавий муштлашувда 100 киши ҳалок бўлди. Фожиа "Нзерекоре" мухлислари баҳсли деб ҳисоблаган "Лабе" дарвозасига пеналти белгиланганидан кейин содир бўлди.
🔹 АҚШ президенти Жо Байден икки суд ишида ўғли Хантерни афв этишга қарор қилди. 54 ёшли Хантер Байден қурол сотиб олаётганда гиёҳвандлик фактини яширганлик, солиқ тўлашдан бўйин товлаганликда айбланган. Трамп бу афвни ҳақорат деб атади.
🔹 Канада АҚШга ноқонуний миграция оқимини камайтириш учун чегара назоратини кучайтиради.
🔹 Мексиканинг Гуанахуато шаҳридаги кафе ва дўконларда содир бўлган отишмада саккиз киши ҳалок бўлган.