"Яшириб юраверган, ҳаммаси яхши деб". Вилоят ҳокими Оқдарёдаги лой кўчалар аҳволи танқид қилди
Оқдарё туманидаги кўпгина маҳаллаларнинг ички кўчалари ачинарли аҳволда эди. Ёзда чанг, қишнинг ёғингарчилик кунларида эса лой кўчалардан болалар ўқишга, катталар ишга қатнарди. Аҳолининг юқори ташкилотларга қайта-қайта қилган мурожаатлари бугун ўзининг самарасини бера бошлади.
Лой кўчалар сессияда муҳокама қилинди
Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг 55-сессиясида Ўзбекистон Республикаси Президентининг вилоятдаги Халқ қабулхонаси мудири Маматжон Турдиев ахборотида 2021 йилда ва жорий йил бошидан буён энг кўп мурожаат коммунал соҳадан келиб тушганлиги таъкидланди. Шунингдек, айрим ҳудудлар, хусусан, Оқдарё тумани қишлоқларидаги ички кўчаларнинг аҳволи ачинарли эканлиги айтилди.
Жумладан, туманнинг «Темарак» маҳалласидаги ички кўчаларни кўрдик, - дейди М.Турдиев. – Шу даражада ачинарлики, ёғингарчилик бўлганда бу йўллардан на одам, на техника ўтиб бўлади, ботиб қолади. Бу каби кўчалар бошқа туманлардаям бор.
Йил якунигача Оқдарёда лой кўча қолмаслиги керак
Бу гапни сессияда вилоят ҳокими Э.Турдимов айтди.
- Тумандаги барча тупроқ кўчалар шу йилнинг охиригача шағаллаштирилиши керак, - деди вилоят ҳокими. – Бу ишларни бажариш учун туманнинг ўзида барча имконият мавжуд. Шағал бор, техника бор. Ўзини ҳурмат қилган масъуллар бош бўлиб, орттирилган бюджет маблағларидан ёқилғисини сотиб олса, ободонлаштириш бошқармаси ва йўллардан фойдаланиш корхонаси, шунингдек, тадбиркорларнинг техникаларини жалб қилиб, ҳашарлар уюштирилса, муаммога ечим топилади. Бу каби масалаларга депутатлар беэътибор бўлмаслиги керак.
Кўчалар обод бўляпти
Бугунги кунда тумандаги лой кўчаларга шағал ётқизиш ишлари бошланиб кетди.
- Оқдарё туманининг ички йўллари 872 километрни ташкил этади, - дейди туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси директори ўринбосари Зариф Исломов. – 2022 йил 1 январь ҳолатига бу йўлларнинг 203 километри асфальт, 503 километр қисми шағаллаштирилган. Қолган қисми эса тупроқ кўчалардан иборат. Йил бошидан тупроқ йўлларга шағал ётқизиш ишлари давом этяпти. Ўтган январь ойида туманнинг “Оқдарё”, “Темарак”, “Авазали”, “Бобур” ва “Ўзбекистон” маҳаллаларидаги 20 километрга яқин ачинарли аҳволдаги кўчаларга шағал ётқизилди. Йил якунигача туманимиздаги мавжуд барча лой кўчалар шағаллаштирилади.
Ҳоким ёрдамчиси ҳам ҳашарда
Яқинда маҳаллаларда иш бошлаган ҳоким ёрдамчилари ҳудудларда тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган фуқароларга кўмак бериш билан бир қаторда, амалга оширилаётган ободонлаштириш ишлари бўйича ҳашарларда ҳам фаол қатнашяпти.
- Ўзбекистон маҳалласида 6 та қишлоқ мавжуд бўлиб, 5 та кўчамизга шағал ётқизилиши керак эди, - дейди шу маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси Камолиддин Пўлатов. – Кейинги уч кун ичида 4,5 километр масофадаги йўллар шағаллаштирилди. Бугун-эрта ишлар якунига етказилади. Натижада ҳудудимизда лой кўча қолмайди.
Симёғочлар ёниб кетганди
Ўзбекистон маҳалласидаги яна бир масала, яъни электр энергияси бўйича аҳолини қийнаб келаётган муаммога ҳам барҳам бериляпти.
- Узоқ йиллардан бери бизни қийнаб келган муаммолар босқичма-босқич бартараф этиляпти, - дейди Болта қишлоғидаги 73 ёшли отахон Қўчқор Эшназаров. – Эскирган симёғочлар ёниб, хавфли аҳволда эди. Шу кунларда қишлоғимизга янги трансформатор келтириб, ўрнатилди. Симларга осилиб турган симёғочлар бетон устунларга алмаштириляпти. Ташкилотчилардан миннатдормиз.
“Темарак”ка яна не керак?
Туманнинг Темарак маҳалласида 7 қишлоқ бўлиб, 48 та ички кўча бор. Шу пайтга қадар маҳалла йўлларининг аксарият қисми ачинарли аҳволда эди.
- Тўғриси, йўл муаммоси аҳолини узоқ йиллардан бери қийнаб келарди, - дейди маҳалла раиси Мансур Тошев. – Вилоят Халқ қабулхонаси мудири Маматжон Турдиев бу муаммони ўрганиб кетгач, вилоят сессиясида муҳокама қилинди. Қисқа фурсат ичида ҳудуддаги 4,2 километр масофадаги кўчалар яхшиланди. Энди Муллахўжа қишлоғидаги ички кўчаларга ҳам шағал ётқизсак, ачинарли аҳволдаги йўлларимиз қолмайди. Маҳалла биносини ҳам қайта қуришни тадбиркорлар билан келишиб қўйганмиз. Бошқа муаммомиз йўқ. Қилинаётган ишлардан халқимиз хурсанд.
Эсимни таниганимдан бери аҳвол шу эди
Амалга оширилаётган ишлар боғча ва мактабга қатнайдиган болаларнинг қувончига сабаб бўляпти. Темарак қишлоғи ички йўлларида бундан ўн кун аввал болалар велосипедда тугул, пиёда зўрға ҳаракатланарди.
- 63 ёшдаман, - дейди қишлоқ оқсоқоли Сайдали Бўриев. - Эсимни таниганимдан бери кўчамиз асфальт у ёқда турсин, шағал кўрмаганди. Фарзандларимиз чанг ва лой кўчалардан мактаб, боғчаларга қатнарди. Йўлларда йиқилиб қолиб, қайтиб кетган пайтлари бўлди. Шукрки, мана, кўчаларимизга шағал ётқизилди. Қишлоғимиздаги тиббиёт пункти ва боғчани маҳалла маркази билан боғлайдиган кўчани асфальт қилиш режалаштириляпти. Бу ишларга бош-қош бўлган масъулларга қишлоқ аҳли номидан миннатдорлик билдираман. Улар ана шундай хайрли ишларни бошласа, биз ҳам қараб турмасдан ҳашарга отланамиз.
***
Бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлардан халқ рози. Жойлардаги бор имкониятлардан унумли фойдаланиб, айрим хайрли ишларни масъуллар бош бўлиб бошлаб берса, қишлоқлардаги самимий, саховатли инсонлар четда қараб турмайди. Ҳашарга бош қўшади. Натижада кўпгина муаммолар барҳам топади.
Тўлқин Сиддиқов,
Бахтиёр Мустанов.