ЙПХ постида қалбаки долларлар олиб кетаётган шахслар ушланди

Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ матбуот хизматининг хабарига кўра, Тошкент вилояти ҳудудидаги «Чинор» мунтазам йўл-патруль масканида («Қамчиқ» довони) қалбаки долларлар олиб кетаётган шахслар ушланди.

Маълум бўлишича, 13 январь куни ЙПХ инспекторлари текшириш учун “Nexia” автомобилини тўхтатган. Автомобиль юкхонаси кўздан кечирилганда бошқа транспорт воситасига тегишли бўлган давлат рақами белгиси борлиги аниқланган. Ҳайдовчи давлат рақами корхонага қарашли юк автомобилига тегишли эканлигини айтган.

Шундан сўнг инспекторлар автомобиль салонида бўлган йўловчилар билан суҳбатлашиб, ҳужжатларини текширган. Текширув давомида йўловчилардан бири ўзини ғалати тутиб, ходимлардан яширинишга ҳаракат қилган. Ушбу йўловчи гувоҳлар иштирокида тўлиқ текширилганида ўзи билан 1 200 АҚШ доллари олиб кетаётгани аниқланган.

Долларлар ходимларда шубҳа уйғотганлиги сабабли тезкор хизмат вакиллари билан биргаликда текширилганда улар қалбаки эканлиги аниқланган.

Автомобиль, йўловчилари ва улардан олинган ашёвий далиллар билан биргаликда Оҳангарон тумани ИИБга топширилган. Ҳозирда ҳолат юзасидан дастлабки суриштирув ишлари олиб борилмоқда.