Самарқандда кардиология диспансери ўтказган танлов савдоси натижалари бекор қилинди
Статистик маълумотларга қараганда, республикамиз ялпи ички маҳсулотининг 28 фоизи миқдоридаги маблағлар давлат харидларини амалга оширишга йўналтирилган. Бу эса ўз ўрнида давлат харидлари соҳасида рақобат муҳитини шакллантириш ва қонун устуворлигини таъминлаш долзарблигидан далолат беради.
“Рақобат тўғрисида”ги Қонуннинг 14-моддасига асосан давлат харидларида савдолар ўтказишнинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибини бузиш, савдоларнинг ташкилотчилари ва (ёки) буюртмачилари томонидан савдолар иштирокчиларининг фаолиятини мувофиқлаштириш, хўжалик юритувчи субъектлардан савдоларда қатнашиш учун ҳужжатларни қабул қилишни асоссиз равишда рад этиш, савдолар иштирокчиларини асоссиз равишда четлаштириш, савдоларнинг битта ёки бир нечта иштирокчисига савдоларда қатнашиш учун имтиёзли шарт-шароитлар яратиб бериш ва товарнинг аниқ ишлаб чиқарувчисини кўрсатиш мумкин эмас.
Ҳудудий бошқарма томонидан давлат харидлари махсус ахборот порталидаги очиқ маълумотлар ва келиб тушган мурожаатлар асосида доимий ўрганиш ишлари амалга оширилмоқда.
Келиб тушган мурожаатлар асосан давлат харидларидан асоссиз равишда четлаштириш, буюртмачи харид комиссияси томонидан иштирокчиларнинг нохолис баҳоланганлиги, буюртмачилар ва иштирокчилар ўртасида аффилланганлик ҳолатлари бўйича келиб тушмоқда.
Жумладан, Самарқанд вилоят кардиология диспансери томонидан 2023 йил 9 январда 222049-сонли лот бўйича тегишли танлов савдолари ўтказилиши тўғрисида эълон берилган бўлиб, шунга биноан 20 январь куни танлов савдолари ўтказилган. Савдода “Турҳан Ислам” МЧЖ ва “Тиб Дунёси” МЧЖ ташкилотлари қатнашган ҳамда “Турҳан Ислам” МЧЖ ғолиб деб топилган.
Ўрганиш давомида “Турҳан Ислам” МЧЖ ва “Тиб Дунёси” МЧЖларнинг раҳбари ва таъсисчиси (Бобомуродов Ислом Мамадалийевич) аниқланган.
Ўзбекистон Республикаси “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонунининг 23-моддаси 13-хатбоши талабларига биноан “Иштирокчи ва унинг аффиланган шахси электрон дўкон, аукцион, энг яхши таклифларни танлаш ва тендер бўйича айни битта лотда иштирок этиш ҳуқуқига эга эмас”лиги белгилаб қўйилган. Шу сабабли вилоят кардиология диспансери томонидан ўтказилган юқоридаги танлов савдоси натижалари бекор қилинган.
Ҳудудий бошқарма томонидан доимий мониторинг ҳамда келиб тушган мурожаатларни ўрганиш натижаси бўйича қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйган бюджет буюртмачиларига танлов натижаларини бекор қилиш, қонунбузилиш ҳолатини тўхтатиш ва келгусида йўл қўймаслик тўғрисида кўрсатмалар берилиб, тегишли таъсир чоралари кўрилиши таъминланган.
Элёр Усмонов,
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳудудий бошқармаси етакчи мутахассиси.