Афросиёб хитойлик олимлар билан ҳамкорликда ўрганилади
Самарқандда Ўзбекистон ва Хитой цивилизациялари ўртасидаги мулоқот ва алмашувларга бағишланган симпозиум бўлиб ўтди.
Ўзбекистон маданий мерос агентлиги ва Хитой тарих академияси ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманда икки мамлакат археолог олимлари томонидан амалга оширилаётган тадқиқотлар ва уларнинг натижалари муҳокама қилинди.
Симпозиум ялпи мажлисида вилоят ҳокими Адиз Бобоев, Хитой ижтимоий фанлар ва Хитой тарих академиялари президенти Гао Хианг, Ўзбекистон маданий мерос агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Турсунали Қўзиев кейинги йилларда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги маданий гуманитар алоқалар мустаҳкамланиб бораётгани, икки мамлакат олимлари ҳамкорлигида ўтказилаётган археологик тадқиқотларда кўплаб янгиликлар аниқланганини таъкидладилар.
– Буюк Ипак йўли туфайли Хитой билан нафақат савдо-иқтисодий алоқалар, балки илм-фан, маданият соҳаларида ҳам ҳамкорлик ривожланганини яхши биламиз, - деди вилоят ҳокими А.Бобоев. - Ҳозир бу муносабатлар “Бир макон – бир йўл” ташаббуси доирасида янги босқичга чиқди. Жумладан, бугун вилоятимизда 140 дан ортиқ Хитой компаниялари фаолият юритмоқда, Сиань ҳамда Урумчи шаҳарларига мунтазам авиақатновлар йўлга қўйилган. Ушбу ҳамкорлик натижасида охирги 3 йилда Самарқанд ва Хитой ҳудудлари ўртасидаги товар айланмаси қарийб уч бараварга ошди. Биз илмий-маданий алоқаларни янада ривожлантириш учун тарих ва археология соҳасида қўшма экспедициялар ташкил этишни таклиф қиламиз. Хусусан, Афросиёб тепалигида ҳали ўрганилиши керак бўлган маданий қатламлар жуда кўп ва бу борада хитойлик олимлар билан ҳамкорлик қилинса айни муддао бўлади. Чунки, бу ердан илк ўрта асрларда ўша пайтда Хитойда ҳукмрон бўлган Тан сулоласи давридаги буюмлар ҳам топилган. Уларни олимларимиз биргаликда ўрганса, икки давлат тарихи учун муҳим янгиликлар аниқланиши мумкин.
Шунингдек, А.Бобоев жорий йил ноябрь ойида Хитойнинг Лоян шаҳрида Самарқанд музейлари ҳафталигини, Самарқандда эса Хитой музейлари ҳафталигини ўтказиши режалаштирилганини маълум қилди. Кадрлар салоҳиятини ошириш йўналишида эса Самарқанд давлат университети тарих факультети профессор-ўқитувчилари ва талабалар учун амалиётни Хитойдаги олий ўқув юртлари ва археология илмий-тадқиқот муассасаларида ташкил этиш таклифи билдирилди.
Хитой ижтимоий фанлар ва Хитой тарих академиялари президенти Гао Хианг ўз чиқишида 2012 йилдан бошлаб Ўзбекистон-Хитой кўшма археологик экспедициялари бошлангани ва Мингтепа ёдгорлигидаги илк экспедиция ҳозирда Баландтепа ҳамда Мунчоқтепа ёдгорликларида давом этаётганини таъкидлади. Афросиёб тепаликларида биргаликда археологик изланишлар олиб бориш таклифини қўллаб-қувватлади.
Анжуман якунида Самарқанд археология институти ва Хитой ижтимоий фанлар академияси археология институти ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Симпозиумда икки мамлакат олимлари мавзу юзасидан ўз маърузалари билан иштирок этди. Ўзбекистон–Хитой ҳамкорлигида амалга оширилаётган археологик лойиҳалар кўргазмаси ўтказилди.
Фазлиддин Рўзибоев.