Янги Ўзбекистон келажаги – билимли, ташаббускор ва рақобатбардош ёшлар қўлида

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан ёшлар билан ўтказилган очиқ ва самимий мулоқот мамлакатимиз тараққиётида ёшлар масаласи устувор йўналиш эканини яна бир бор амалий далиллар билан тасдиқлади.

 Юртимизда 22 миллиондан ортиқ ёш авлод улкан иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий куч эканининг эътироф этилиши биз, таълим соҳаси вакилларига янада катта масъулият юклайди. Самарқанд давлат педагогика институти жамоаси номидан таъкидлашни истардимки, ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш учун қўшимча 200 миллион доллар ажратилиши, ўзини ўзи банд қилган ёшлар учун кредит миқдорининг 100 миллион сўмдан 300 миллион сўмгача оширилиши, стартап лойиҳаларга 100 минг долларгача инвеститсия киритиш имкониятининг яратилиши – бу ёшлар ташаббусини реал молиявий механизмлар орқали қўллаб-қувватлашнинг аниқ ифодасидир.

Айниқса, “Келажак тадбиркори” дастури доирасида 7 йил муддатга 15 фоизли кредитлар ажратилиши, 20 миллион сўмгача гаровсиз маблағ берилиши, фаолиятини кенгайтираётган ёшлар учун 2 миллиард сўмгача, камида 5 нафар битирувчини ишга олган тадбиркорларга 10 миллиард сўмгача кредит ажратилиши олий таълим муассасалари битирувчилари бандлигини таъминлашда янги босқични бошлаб беради.

Ҳар бир ҳудудда “Ёшлар бизнес инкубатори” ташкил этилиши, камида 40 минг ёшни қамраб оладиган “Янги авлод тадбиркорлари” дастурининг йўлга қўйилиши ҳамда энг яхши 1 000 нафар ёш лойиҳасига 200 миллион сўмгача 7 фоизли ссуда ажратилиши – ташаббускор ва креатив фикрлайдиган ёшлар учун мустаҳкам платформа яратади.

Бизнинг институтимизда ҳам стартап маданиятини ривожлантириш, педагогик инновацияларни тижоратлаштириш, “spin-off” лойиҳаларини йўлга қўйиш, талабаларнинг амалий кўникмаларини кучайтириш устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Техникумларга ҳам 1 миллиард сўмгача стартап маблағи ажратиш имконияти, “Wоrk end travel” дастури асосида 6 ой хорижда ишлаб тажриба орттириш механизми жорий этилиши ёшларнинг глобал рақобатбардошлигини оширади.

Хорижий тил сертификатига эга 600 мингдан ортиқ ёшлар, 72 минг нафар инструктор шакллангани, 38 мингдан зиёд хусусий ўқув марказлари фаолият юритаётгани – бу инсон капиталига қаратилган тизимли сиёсат натижасидир. Солиқ имтиёзлари, фоизсиз 300 миллион сўмгача ссудалар, ижтимоий солиқнинг 1 фоизгача туширилиши каби чораларнинг жорий этилиши айниқса чекка ҳудудларда сифатли таълим имкониятларини кенгайтиради.

Волонтёрлар сонининг 5 баравар ошиб, 100 мингдан ортгани, ҳар йили 20 миллиард сўм бюджет маблағи ажратилиши, грантлар миқдорининг 100 миллион сўмгача етказилиши ёшлар ижтимоий фаоллигининг институтсионал асосларини мустаҳкамлайди.

Ёш оилалар учун ипотека кредитининг 14 фоиздан ошган қисмини бюджетдан қоплаш, китобхонликни ривожлантириш жамғармаси орқали ижодкорларга ойига 20 миллион сўм миқдорида бир йиллик ижодий буюртмалар бериш, энг яхши 100 та асарни мактаб ва техникумларга етказиш ташаббуслари маънавий-маърифий соҳада ҳам туб бурилиш ясайди.

Самарқанд давлат педагогика институти мазкур тарихий учрашувда белгиланган барча вазифаларни ўз фаолият дастурига интеграwия қилади. Биз 2030 йилга бориб меҳнат бозорига кириб келадиган 1 миллион нафаргача ёшлар орасида рақобатбардош, ташаббускор, замонавий фикрлайдиган педагог ва мутахассисларни тайёрлашни ўз олдимизга устувор мақсад қилиб қўямиз.

Шаҳзода НЕГМАТОВА,

Самарқанд давлат педагогика институти ректори, профессор