Пахтачида газ идораси ходимлари муаммоларни бартараф этмоқда
Унда Пахтачи тумани ҳокимлигида "Жамоатчилик назорати" гуруҳлари ўрганишлари якунига бағишланган йиғилиш тафсилоти берилиб, вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Э.Турдимов маҳаллий бошқарув идоралари вакилларининг муаммоларни бартараф этишда фуқаролардан сохта ташаккурномалар ёздириб олганини, жумладан, газ баллонлари етказиш бўйича 37 та, қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича 4 та, ишга жойлаштиришда 9 та, тижорат банклари томонидан 5 та арз ижобий ҳал бўлди, деб ёлғон маълумот берилганини таъкидлади.
Ушбу хабар он-лайн тартибида, тезкорлик билан берилгани боис “газ баллонлари етказиш бўйича 37 та” жумласи техник хато туфайли “газ баллонлари етказиш бўйича 370 та” тарзида берилган. Ушбу техник хато йиғилиш тугагандан сўнг Самарқанд вилояти бўйича ҳудудий газ таъминоти филиали мутасаддилари билан мавжуд ҳолат ўрганилгач, сайтда хабар матни тўғриланган. Бироқ ундан олдинроқ “Kun.uz”, “Daryo.uz” каби ижтимоий тармоқлар хабарни эски ҳолича олиб, ўз сайтлари орқали тарқатган.
Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Э.Турдимов таъкидлаб ўтган Пахтачида аҳолига тўлдирилган суюлтирилган газ баллонлари етказиб беришдаги мавжуд камчиликлардан соҳа раҳбар ва ходимлари етарлича хулоса чиқариб олдилар. 37 та сохта ташаккурнома билан боғлиқ ҳолат бартараф этилиб, тўлдирилган суюлтирилган газ баллонлари фуқароларга етказиб берилди.
Жумладан, тумандаги Сарой маҳалласида яшовчи фуқаролар М.Эшқувватова, Юлдуз Кенжаева, Г.Рўзиқулова ва Нурафшон маҳалласида яшовчи Т.Сапаровлар хонадонига тўлдирилган суюлтирилган газ баллонлари тегишли тартибда топширилди.
Шунингдек, вилоят ҳудудий газ таъминоти филиали томонидан 3 нафар кам таъминланган оилага газ плитаси ҳам қўшиб берилди.
Айни вақтда газ баллонига эҳтиёжи бўлган бошқа мурожаат эгаларини тўлдирилган суюлтирилган газ баллонлари билан таъминлаш ишлари давом этмоқда.
Ғолиб АБДУСАЛОМОВ.