Самарқанд шаҳрида “Silk road bazaar” миллий ҳунармандчилик ва савдо фестивали бошланди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 мартдаги “2018-2019 йилларда Самарқанд вилоятининг туризм салоҳиятини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва вилоят ҳокимлиги томонидан ташкил этилган фестивалда Самарқанд, Фарғона ва Қашқадарё вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳридан келган 80 нафардан ортиқ уста-ҳунарманд ўз маҳсулотлари билан иштирок этди.
Унда Самарқанднинг кашталари, Тошкентнинг чиннилари, Фарғонанинг адрасию Шаҳрисабз чопон ва нимчаларининг ўзига хос жозибага эгалиги, бетакрорлигини юртдошларимиз ҳамда хорижлик меҳмонлар катта қизиқиш билан томоша қилди.
– Самарқанд ўзининг тарихий обидалари ва қадамжолари билан мени ром этган бўлса, ушбу фестиваль янада ҳайратга солди, – дейди франциялик сайёҳ Томс Мишель. – Бу ерда ўзбек халқининг миллий ҳунармандчилиги билан яқиндан танишдик. Ҳаммаси ўзгача, кишига завқ бағишлайди. Сизларда ўзига хос байрамлар кўплигини эшитгандим. Бугун шундай байрамларнинг бирининг гувоҳи бўлганимдан хурсандман.
Фестивалда кулолчилик, гиламдўзлик, заргарлик, ёғоч ўймакорлиги, сангтарошлик, каштадўзлик, зардўзлик, наққошлик, читгарлик сингари ҳунармандлик маҳсулотлари, элликдан ортиқ турдаги Самарқанд нонлари намойиш этилди.
– Ота-боболарим каби адрас ва бахмал матоларини тикиш билан шуғулланиб кам бўлмадим, – дейди марғилонлик ҳунарманд Дилшод Йўлдошев. – Айни пайтда адрас тўқиш билан бирга, миллий матолардан ҳар хил либосларни тикяпман. Кейинги пайтда маҳсулотларимиз нафақат юртимизда, балки хорижда ҳам харидоргир бўлмоқда.
Фольклор-этнографик жамоаларнинг чиқишлари, саҳналаштирилган томошалар ва концерт дастурлари иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. Шунингдек, сайилда қандолат маҳсулотлари, полиз экинлари ярмаркаси ташкил этилди.
– Самарқандга қадимий қадамжоларни зиёрат қилиш учун келгандик, – дейди сурхондарёлик Манзура Маҳмудова. – Байрам устидан чиқиб қолганимиз хурсандчилигимизни янада оширди. Миллийлигимизга хос бўлган ҳунармандлик маҳсулотлари ва қизиқарли томоша дастурлари таассуротларга жуда бой бўлди.
Фестиваль 26 августга қадар давом этади.
Тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари Б.Нуруллаев иштирок этди.
Абдужаббор ПЎЛАТОВ,
Бахтиёр МУСТАНОВ (фото).