Каттақўрғон туманида тиббиёт ходимлари қасамёд қилди

Хусусан, давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинаётган соҳага оид қарор ва фармонлар тиббиётни янада ривожлантириш, малакали тиббиёт ходимларини тайёрлаш ва уларни муносиб рағбатлантиришни такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Айниқса, вилоят, шаҳар ва туманларда ҳам тиббиёт соҳасини  тубдан ислоҳ қилиш, беморларга замонавий ва сифатли тиббий хизмат кўрсатиш масалаларига алоҳида эътибор берилмоқда. Бу борада зарур чора-тадбирлар олиб борилмоқда.

Жумладан, вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Э.Турдимовнинг вилоят тиббиёт ходимлари билан учрашувларида соҳадаги камчиликлар, ечимини кутаётган муаммолар ва уларнинг келгусида бартараф этиш юзасидан танқидий фикрлар билдирилди.

– Тиббиёт муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда соҳа ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини такомиллаштириш бўйича муайян ишлар амалга оширилиб, бунинг учун давлат ва маҳаллий бюджетдан ажратилаётган маблағ салмоғи ошди. Шаҳар ва қишлоқларимизда янги замонавий тиббиёт муассасалари ташкил этилди. Соҳада хусусий тармоқнинг роли кенгаймоқда. Энди соҳа ходимлари ҳам эскича иш услубларидан воз кечиб, замон талабларига мос фаолият кўрсатиши лозим. Асосий мақсад – халқимизга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, уларнинг тизимдан розилигига эришиш бўлиши керак, – дея таъкидлади вилоят раҳбари.

Каттақўрғон туманида ҳам ушбу белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан чора-тадбирлар бошланди.

Аввало, тиббиёт ходимларининг масъулиятларини оширишга эътибор қаратилди.

Шу муносабат билан жорий йил 20 ноябрь куни туман тиббиёт бирлашмасининг 150 нафар шифокори ва 150 нафар ҳамширалари туман мутасаддилари, кенг жамоатчилик олдида қасамёд қабул қилди.

–   Туманимиздаги шифокор ва ҳамширалар инсон саломатлигини асрашга, бу йўлда бор билимларини аямасликка қасамёд қилишди, – дейди туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Олим Хўжамбердиев. – Бу уларнинг масъулиятини, фидойилигини оширишга хизмат қилади. Ўйлайманки, ҳар бир тиббиёт ходими ушбу қасамёдига содиқ қолади.

Жаҳонгир САФАРОВ.