Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Бюрократик тўсиқлар қандай қисқартирилади?

Вилоят ҳокимлигида айни шу масала юзасидан ўқув-амалий семинар ташкил этилди.

Тадбирда туман, шаҳар ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари, ташкилий-назорат гуруҳи раҳбарлари, юристконсультлари, девонхона мудирлари ва вилоят бошқарма-ташкилотларининг тегишли масъул ходимлари иштирок этди.

Семинарни олиб борган вилоят ҳокимлиги ишлар бошқармаси бошлиғи Б.Раҳматуллаев Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 9 декабрда қабул қилинган «Бюрократик тўсиқларни янада қисқартириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига замонавий бошқарув тамойилларини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори мазмун-моҳияти ҳақида тўхталиб ўтди.

Таъкидланганидек, ҳужжатда вазирликлар, идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа давлат ташкилотларида эскирган бюрократик усулларда иш юритиш, шу жумладан, ҳужжатлар айланмасига замонавий ахборот технологияларини жорий қилиш даражасининг пастлиги, қоғозбозлик ҳажмининг юқорилиги, шунингдек, амалий аҳамиятга эга бўлмаган кўплаб йиғилиш ва мажлислар ўтказиш амалиёти сақланиб қолаётганлиги қайд этилган.

Қарор билан бюрократик тўсиқларни қисқартириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига замонавий бошқарув тамойилларини жорий этиш бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланди.

Семинар давомида сўз олганлар «Йўл харитаси»да белгиланган вазифаларни ижро этиш йўллари ҳамда ундан кутилаётган натижалар ҳақида атрофлича сўз юритишди.

Хусусан, 2021 йил 1 январга келиб қоғоз кўринишидаги бланкалар, шакллар ва жадвалларни тўлдиришдан тўлиқ воз кечиш имконини берадиган барча давлат органлари ва ташкилотларида ҳисобот ва ҳужжат айланишини юритишнинг автоматлаштирилган тизими жорий этилади.

Семинар давомида бюрократик тўсиқларни янада қисқартириш учун ҳокимликларнинг 11 та функцияси ҳудудий давлат бошқаруви органларига ўтказилгани, маҳаллалар томонидан бериб келинган 28 турдаги ҳужжатларни талаб қилиш тўхтатилгани, давлат органларининг бир-бирини такрорловчи ёки мантиқсиз фаолият турларига чек қўйилгани айтиб ўтилди.

Ўзаро суҳбат ҳамда самимий мулоқот руҳида кечган тадбир давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олди.