Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Давлат хизматчиси қандай бўлиши керак?

Бугун мамлакатимизда кадрларга оид давлат сиёсати ўзгарди. Давлат фуқаролик хизматига ишга қабул қилиш ва фаолият кўрсатишнинг замонавий талаблари ишлаб чиқилмоқда. Бунда албатта, хорижий давлатлар тажрибаси, улар босиб ўтган йўл инобатга олинмоқда.

Сингапурда муваффақиятли бизнес ғояларининг давлатни ривожлантириш ва ислоҳ қилиш билан бирлаштирилиши давлат хизматининг ривожланиши ва муваффақиятга эришишига олиб келган экан. Бош вазир Ли Кван Юнинг “HAIR” дастурининг давлат хизматига татбиқ этилиши, давлат хизматига муносиб кадрларнинг танлаб олиниши ва уларга ишлаш учун барча шароитларнинг кафолатланиши Сингапур давлат хизматининг ривожланиши ва мамлакатда коррупциянинг кескин қисқаришига олиб келган.

“HAIR” (“H-helicopter view – вертолёт кучи; А-analysis – таҳлил кучи; I-imagination – фикрлаш, тафаккур қилиш; R-reality – ҳақиқат ҳисси) дастурига кўра, давлат хизматида фаолият олиб бораётган кадрлар атрофда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларни синчковлик билан кузатиши, ҳар хил ҳодиса ва тафсилотларга эътибор бериши, вазиятни чуқур ва оқилона таҳлил қила олиши, тафаккур қилиши ва ҳақиқатни (муаммони) аниқлаш қобилиятига эга бўлиши кераклиги, шунингдек, давлат хизматчиси муаммони ҳал этиш учун янгича ёндашиши талаб этилади.

Австралияда ҳам давлат хизматида фаолият олиб борувчи кадрларга  худди шу каби талаблар қўйилади. Мамлакатда қабул қилинган мезонларга мувофиқ давлат хизматчиларидан:

- оғзаки ва ёзма маълумот бериш қобилиятига эга бўлиш;

- махфий маълумотлар билан ишлашда эҳтиёткор бўлиш;

- муаммоларни таҳлил қилиш ва ҳал этиш қобилиятига эга бўлиш;

- ташкилотчилик ва вақтни бошқариш кўникмасига эга бўлиш;

- ўзаро муносабатларга масъулият билан ёндашиш;

- жамоа бўлиб ишлашга қодирлик;

- ишга услубий ёндашиши талаб этилади.

Германия федератив республикасида эса давлат хизматчиларидан қўйидаги мажбуриятлар талаб этилади:

- садоқат (ходим, мансабдор шахс иш берувчисига садоқат билан хизмат қилиши);

- муносиб хулқ-атвор;

- чуқур касбий билимларга эга бўлиш;

- кўрсатмаларга қатъий риоя қилиш;

- иш интизомига риоя қилиш;

- ўзига юклатилган вазифаларни мустақил ҳал этиш қобилиятига эга бўлиш.

Жанубий Корея республикасида давлат хизматчиларининг 9 та даражаси бўлиб, кадрлар барча давлат органлари ва ташкилотларга қатъий белгиланган тамойиллар асосида очиқ мустақил танлов билан ишга қабул қилинади. Корея Республикасида танлаб олинган кадрларнинг малакасини ошириш, ўқитиш масалаларига катта эътибор қаратилади. Ходимларни ўқитиш ва малакасини оширишда даражаларига қараб махсус ташкил қилинган таълим муассасаларига қамраб олинади. 6-9 даражадаги давлат хизматчилари 100 соатлик мобил дарсларни ўташи шарт қилиб белгиланган. Бунда улар масофали мобил дарсларни бажаришади.

Кореяда давлат хизматчисининг карьераси хизматга тайинлаш моделига асосланади. Бунда очиқ ва мустақил танлов асосида янги ишга қабул қилинганлар орасидан потенциал номзодлар ажратиб олинади. Давлат хизмати лавозимларига танлашни ташкил этиш чуқур билимларга ва бошқарув қобилиятига эга бўлган кадрларни лавозимларга жойлаштиришга асосланган. Кейинчалик юқори лавозимларга тайинлаш номзодларнинг юқори касбий фаоллиги, давлат хизматининг ҳар бир даражаси учун тайёрланган ўқув дастурларини бажариши, ходимларнинг мунтазам равишда ўқитилиши ҳамда муваффақиятли аттестациядан ўтганлик шарти билан амалга оширилади.

Бизда ҳам барча вазирлик ва идоралар ўз соҳасидаги барча ходимлар билиши шарт бўлган, асосий касбий билимлар жамланган мобил дарс дастурларини яратса мақсадга мувофиқ бўларди.

Эндиликда бизнинг мамлакатимизда ҳам кадрларни очиқ мустақил танлаб олиш шартлари асосида саралаш ва лавозимларга жойлаштириш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш, юртимизда ва хорижда малакасини ошириш, уларга даражалар бериш орқали мансаб поғоналаридан кўтарилиб боришини таъминлаш назарда тутилмоқда.

Шундай экан, эртага давлат хизматида ишламоқчи бўлган кадр “мен бир амал қилиб фалон жойга, фалон лавозимга ишга ўтсам бўлди” ёки “бир амаллаб ўқишни тамомласам, дипломга эга бўлсам бўлди”, деган тушунчалардан йироқ бўлиб, ўз устида мунтазам ишлаши, касбий ва замонавий билимларни пухта эгаллаши, албатта, чет тилларини ўрганиши, таҳлил ва тафаккур қилиши, муаммоларни ҳал этишда янгича фикрлар билан ёндашиш қобилиятларига эга бўлиши керак бўлади.

Жасур ҚУРБОНОВ,

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Самарқанд вилоятидаги тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси бош мутахассиси.