Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Фирдавс боғларига чин монанд куни, Самарқанд куни бу, Самарқанд куни!

Бугун эрта тонгда поездда Эллик қалъадан Самарқандга келдим. Қўҳна кент тонггида сайр қилдим. Ободончилик, қурилиш ва озодаликка ҳавас қилдим. Кейин шаҳар куни муносабати билан Амир Темур мақбарасидаги хатми Қуръонда, Соҳибқирон ҳайкали пойига гул қўйиш маросимида иштирок этдим. Сўнг, хиёбон ўриндиғига ўтириб, Самарқандга, самарқандликларга эҳтиромимни қоғозга туширдим ва Zarnews.uz га йўлладим.

Улуғ айёмларга бойдир диёрим,

Бирдамлик ҳамиша азму қарорим,

Бугун Регистонда жам дўсту ёрим,

Фирдавс боғларига чин монанд куни,

Самарқанд куни бу, Самарқанд куни.

 

Буюк Соҳибкирон Темур пойтахти,

Ҳақиқат тож бўлган, адолат - тахти,

Шиори юксаклик, авомнинг бахти,

Осиёда тенги йўқ дарбанд куни,

Самарқанд куни бу, Самарқанд куни.

 

Мозий оқиб ўтар Обираҳматдан,

Кўҳакда Улуғбек қурган расаддан,

Навоий Жомийга ёзган зархатдан,

Авлодлари ашъор билан банд куни,

Самарқанд куни бу, Самарқанд куни.

 

Айний нишолдасин еб Fафур Ғулом,

Воҳид Абдуллога айтган хуш калом,

Мен Бердақ кентидан келтирдим салом,

Эътироф куни бу, ҳам писанд куни,

Самарқанд куни бу, Самарқанд куни.

 

Бол деб Клавихо суви, меваси,

Бир ён Бухородир, бир ён Хеваси,

Қувватлаб турибди Юртнинг Эгаси,

Ҳамиша толеи оқ, баланд куни,

Самарқанд куни бу, Самарқанд куни!

Янгибой ҚЎЧҚОРОВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими.

 

2019 йил 18 октябрь.