Депутат сайловчилар ҳузурида

Шу кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ўз сайлов округларида сайловчилар билан учрашувлар ўтказмоқда ҳамда ҳудудда ислоҳотлар бориши билан яқиндан танишяпти.
Жумладан, қуйи палата депутати Азамат Пардаев Жомбой туманида бўлди.
Депутат аҳоли билан учрашиб, уларнинг мурожаатларини тинглади.
Шунингдек, ҳудудда янги қурилаётган таълим ва тиббиёт муассасаларида қурилиш ишларининг бориши билан қизиқди.

– Эски Жомбой маҳалласи туманнинг оғир тоифадаги ҳудудларидан бири ҳисобланади – дейди А.Пардаев. – Жорий йилда маҳаллани комплекс ривожлантириш ва “Янги Ўзбекистон” қиёфасидаги маҳаллага айлантириш мақсадида 5 миллиард сўм маблағ ажратилган. Ушбу маблағ ҳисобидан ҳудуд инфратузилмаси яхшиланиб, аҳоли учун бугунги кун талабларига мос шароит яратилмоқда. Маҳалладаги қурилиш-ободонлаштириш ишлари билан танишиш давомида белгиланган вазифаларнинг сифатли ва ўз вақтида бажарилиши юзасидан қурилишга масъуллар билан фикр алмашдик.

Депутат тумандаги Найман маҳалласидаги 20-поликлиника қурилиши билан танишиш жараёнида янги бинонинг аҳоли учун ҳар жиҳатдан қулай ва функционал бўлишига эътибор қаратди. Бу ерда аҳолининг барча қатлами эркин, тўсиқсиз кириб-чиқиши учун барча имкониятларни яратиш зарурлиги таъкидланди.