Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ким доим кечиримли бўлишни уддалай олади?

Ҳаётингизда муаммоларга дуч келган пайтлар кўп бўлаётганидан ҳайратда бўлсангиз, ушбу масални ўқинг. Эҳтимол, бу дарс ўзингиз учун муҳим бўлган нарсаларни тушунишга ёрдам беради. 

Бир курси атрофида ўтирган руҳлар ерга тушиш мақсадида ўзлари учун навбатдаги дарсни танлай бошладилар. Шунда дадил ва матонатли руҳ ўрнидан туриб шундай деди: 

- Бу сафар ерга мен бораман. Кечиримли бўлишни ўрганиш учун. Ким менга ҳамроҳлик қилади?  

Руҳлар унга қараб қўрқув ва ҳамдардлик билан гап бошлашди: 

- Бу бир инсон ўз ҳаёти давомида уддалай олмайдиган энг машаққатли дарслардан бири... Қийналиб қоласан, сенга жудаям ачиняпмиз... Майли, сенга ёрдам беришга ҳаракат қиламиз, балки бу жумбоқни бирга енгармиз... 

Бир руҳ айтди: 

- Майли, мен сен билан доим ерда бўлишга ва сенга ёрдам беришга тайёрман. Ҳаётда сенинг турмуш ўртоғинг бўламан, оилавий ҳаётимизда бўладиган кўп муаммолар менинг айбим билан бўлади ва сен мени кечиришни ўрганасан.

Иккинчи руҳ хўрсиниб айтди: 

- Мен сенга қийин болаликни таъминлаб беришим мумкин. Кейинчалик ҳам маҳмадона дўстинг каби ёнингда бўлиб, ҳаётингга аралашаман ва ишларинга халақит бераман, шунда сен кечиришни ўрганасан. 

Учинчи руҳ сўз бошлади: 

- Мен эса сенинг бошлиқларингдан бири бўламан, кечириш ҳисси нималигини ўрганишинг учун сенга ноҳақ муносабатда бўлиб, сени менсимайман. 

Дарсни мустаҳкамлаш учун яна бир неча руҳ у билан ҳаётининг турли даврларида учрашишга рози бўлди. Шу тариқа ҳар бир руҳ ҳаётда бир-бирини ўқитиш, йўл кўрсатиш билан боғлиқ режаларни обдон ўйлаб чиқиб, туғилиш учун ерга тушишди. 

Қалблар тарбияланишининг ўзига хос хусусияти шундаки, туғилиш пайтида руҳларнинг хотиралари тозаланади.  

Тасодифийлик тасодиф эмас деб тахмин қиладиган инсонлар шуни билиши керак, бизнинг ҳаёт йўлимизда учрайдиган ҳар бир инсон айнан ўзи билан бирга олиб келадиган дарсга жуда муҳтож бўлганимизда пайдо бўлади. 

Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.