Маҳсулот харид қилдингизми? Касса чекини талаб қилинг

Самарқанд вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан вилоят давлат солиқ бошқармаси ҳамда бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида харидорлар ўртасида солиқ қонунчилиги бўйича ҳуқуқий маданиятни ошириш мақсадида барча шаҳар ва туманларда “Харид чекини талаб қилиб олинг!” тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда.
Самарқанд шаҳрида ташкил этилган тадбирда вилоят ва шаҳар давлат солиқ идоралари ходимлари, касб-ҳунар коллежлари ва мактаб ўқувчилари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Самарқанд темир йўл вокзали ҳудуди ва “Темир йўл деҳқон бозори", Алишер Навоий кўчасидаги дўконларда, аҳоли гавжум жойлар, жамоат транспортида тадбир иштирокчилари томонидан аҳолига харид чекининг аҳамияти акс этган флаерлар тарқатилди. Дўконлар ва савдо нуқталари, жамоат транспорти воситаларига харид чекини талаб қилиб олишга бағишланган мурожаатномалар ёпиштирилди.
Шунингдек, аҳоли ўртасида харид чекининг афзалликлари, савдо маданияти хусусида тушунтириш ишлари олиб борилди.
- Ҳар бир юртдошимиз кундалик турмушида дўкон ёки савдо комплексларидан маҳсулот харид қилади ёхуд хизмат кўрсатиш шохобчалари хизматларидан фойдаланади, – дейди Самарқанд шаҳар давлат солиқ инспекцияси бошлиғи ўринбосари Абдуқаҳҳор Мажидов. – Лекин барча бирдек харид қилинган маҳсулот, кўрсатилган хизмат учун назорат-касса машинаси чекини талаб қилиб олмайди. Шуни унутмаслик лозимки, харид чекларини талаб қилиб олиш орқали нақд пулларнинг банкдан ташқари ноқонуний айланишига барҳам берилади. Шундан келиб чиқиб, тадбир давомида ҳамшаҳарларимизга савдо муносабатларида харид чекини талаб қилиб олишнинг ижтимоий-иқтисодий аҳамияти хусусида батафсил тушунчалар бердик.
Албатта, бу каби акциялар юртдошларимизнинг харид чекига доир тушунчаларини янада бойитишга, нақд пулларнинг банкка ўз вақтида кирим қилинишига, пировардида хуфёна иқтисодиётнинг олдини олишга хизмат қилади.
Самарқанд вилоят давлат солиқ бошқармаси
матбуот хизмати.